Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

16.05.2019 17:56 Чоп этиш версияси

Самарқанд давлат университети Холон билан ҳамкорлик қилади

Самарқанд давлат университети Холон билан ҳамкорлик қилади

Самарқанд давлат университетида “STEMM” лойиҳаси доирасида Исроилнинг Холон технология институти ҳамкорлигида “Фан, технология, таълим, математика ва тиббиёт” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуман аввалида Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов, Холон технология институти ректори Э.Якубов икки олий таълим муассасаси ўртасидаги илмий ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганини эътироф этиб, бу томонлар манфаатларига тўла мос келишини таъкидлади. Келгусида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўш диплом дастурини амалга ошириш режалаштирилгани маълум қилинди.

photo5397942033672415768.jpg

Меҳмонлар Исроилдаги олий ўқув юртларидаги таълим жараёнлари, замонавий инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш ҳақида маълумот берди. Холон технология институти олимлари томонидан яратилган илмий ишланма ва кашфиётлар тақдимотлари ўтказилди. Хусусан, замонавий робот имкониятлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

– Бугунги кунда бизда ҳам, Ўзбекистонда ҳам, умуман, бутун дунёда табиий бойликларни асраш ва улардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида ихчам ва тежамкор, юқори самарадор технологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди исроиллик мутахассис Антоанета Левее. – Бу айниқса, қишлоқ хўжалиги, туризм, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида яққол ўз ифодасини топмоқда. Бугунги каби анжуманлар эса ўзбекистонлик олимлар билан фикр алмашиб, бу борада ҳамкорликда илмий изланишлар олиб боришимизга ёрдам беради.

Халқаро анжуман амалий математика, нанотехнология ва тиббиёт фанлари буйича секцияларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА