Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.07.2017 17:11 Чоп этиш версияси

Қоратепа деворий суратлари аждодларимиз юксак бадиий тафаккурининг маҳсули

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни олимлар билан учрашувда мамлакатимиз тараққиётида илм-фаннинг ўрни алоҳида экани, бинобарин, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Юртимизнинг турли ҳудудларида олиб борилаётган археологик тадқиқотлар қадимги аждодларимизнинг турмуш тарзи ва маданиятини ўрганишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қадимий Термиз шаҳрида олиб борилаётган қазиш ишлари бунинг ёрқин далилидир.

Термиз ўзининг қулай географик жойлашуви билан юртимиз тарихида ҳамиша алоҳида ўрин тутган. Амударё бўйидаги кўҳна бу шаҳар Шарқни Ғарб, Шимолни Жануб билан боғловчи савдо йўллари чорраҳасида жойлашган. Қадимги Термизда олиб борилаётган археологик тадқиқотлар шаҳарнинг турли тарихий даврларига оид янги ноёб ашёвий далилларни қўлга киритиш имконини бермоқда. Бу топилмалар шаҳар тарихи ва маданияти билан боғлиқ маълумотларни янада бойитади. 2016 йили қадимий Термиз мажмуаси таркибига кирувчи Қоратепа буддавийлик марказидан рангли деворий суратлар топилди.

Буддавийлик билан боғлиқ ушбу ибодатхона мажмуаси Қоратепа ёдгорлигининг шимолий томонида жойлашган бўлиб, ҳозиргача монументал мемориал иншоот-ступа ва тўрт томондан узун йўлаклар билан ўралган катта ҳовли ўрганилган. Ибодатхонанинг ўрганилган қисми тарихи, ўлчами ва сақланиши ўз даврида бу мажмуа ғоят маҳобатли иншоот бўлгани ва унинг қурилишида замонасининг илғор меъморий ечимларидан кенг фойдаланилганидан гувоҳлик беради. Тадқиқотлар давомида топилган моддий ашёлар ибодатхона интерьери турли кўринишдаги нақшли ва сюжетли деворий суратлар ҳамда лой-ганчдан ясалиб, тошдан таралган ҳайкаллар билан безатилгани бинога ўзига хос сирлилик ва ҳашамат бахш этганини кўрсатади. Бу топилмаларнинг ҳар бири ўзига хос нафис ва бетакрорлиги билан ажралиб туради.

Ўтган йили ибодатхона мажмуасининг тўлиқ меъморий кўринишини аниқлаш мақсадида ёдгорликнинг ғарбий қисмида олиб борилган археологик тадқиқотлар давомида хоналарнинг бири рангли деворий суратлар билан безатилгани аён бўлди. Ҳозирча хонанинг тарихи аниқланмаган. Томонлари 4 метрдан кам бўлмаган тўртбурчак шаклидаги хона деворлари баландлиги 3,5 метр, қалинлиги 90 сантиметрга тенг бўлган. Деворнинг қалинлиги хонани қишда илиқ сақлаш имконини берган бўлса, ёз жазирамасида салқин бўлишига хизмат қилган. Девор ғиштдан терилган, сомонли лой сувоқ билан сувалиб, оҳак билан бўялган. Рангли сюжетли расмлар оҳакли бўёқ устига чизилган.

Қадимги аждодларимизнинг сюжетли рангли деворий суратлари бор-йўғи 2,5-3 м3 майдонда ўрганилди. Хонанинг тўрт девори ҳам ана шундай суратлар билан безатилган, деб тахмин қилиш мумкин. Деворий суратлар баъзи жойларда 3,8 м баландликкача сақланиб қолган. Ушбу деворий суратлар маълум сабабларга кўра, ўзининг дастлабки кўринишини йўқотган бўлса-да, айни пайтда Марказий Осиёдаги энг қадимги ва яхши сақланган деворий сурат намуналаридан ҳисобланади. Янги топилмаларнинг ноёблиги, унда тасвирланган композициянинг яхлит ҳолда сақланиб қолгани унинг бадиий қийматини янада оширади.

Маълум бўлишича, қадимги рассомлар хонани суратлар билан безатишдан олдин хона деворлари сатҳини уч ярусга бўлганлар. Биринчи ярус, яъни пастки қисми маълум баландликда тўқ қизил рангли охра билан бўялган. Иккинчи ва учинчи яруслар ўзига хос кўринишдаги бир неча “рамка”га бўлинган ва уларда маълум композицияни ўзида ифода этган расмлар жойлаштирилган. Рассомлар шундай усул билан томошабин кўзи олдида “рамка”да жойлашган суратлар композициясини тўлақонли намоён этишга, томошабиннинг идрокини кенгайтиришга ҳаракат қилган. Буни “рамка”лардаги суратлар композицияси мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, тўқ қизил рангли “рамка”лардан бирида тўрт фигурадан иборат композиция тасвирланган. “Рамка”нинг чап ярмида тасвирланган фигура композициянинг асосий иштирокчисидир. Суянчиқли тахтиравонда ўтирган ҳолда тасвирланган бу фигуранинг юз кўриниши сақланиб қолмаган. Унинг тепасида соябон бор. Чап томонида ёш йигит гавдалантирилган. Унинг ортида эркак ва аёл тасвири акс этган. Бу композицияни буддавийлик бадиий маданиятида кенг тарқалган “илоҳ ва донаторлар” сюжети маъносида изоҳлаш мумкин.

Суратнинг композицион техникаси, услуби ва характери рассомнинг юксак маҳоратидан далолат беради. Ҳар бир ҳолатда рассом сюжет маъносидан келиб чиққан ҳолда, композициявий ва ранг бериш усулларини ўринли қўллаган. Ҳар бир образ индивидуал кўринишга эга ва бетакрор. Одамлар ҳаракатда тасвирланган. Айни пайтда уларнинг барчаси ягона сюжетга бўйсундирилган. Персонажлардан бири тўртдан уч қисм ўчирилган ҳолда тасвирлангани алоҳида эътиборга молик. Бу ҳозирча Ўрта Осиё рассомчилигининг энг яхши сақланган шундай усули намунасидир.

Фойдаланилган бўёқлар ранги ҳам кишини ҳайратга солади. Ҳар хил рангдаги қизил охра, қора, жигарранг ва оқ бўёқлар томошабинга ўзгача завқ бағишлайди. Рассомнинг юксак маҳорати у ёки бу образни ифодалашда бўёқлар комбинациясидан усталик билан фойдаланганида ҳам намоён бўлади. Образлар чеҳрасида кўтаринки руҳ юксак маҳорат билан ифодаланган. Индивидуал ва ўзига хос яратилган образлар чеҳраси ва кўзидан буни яққол илғаб олиш мумкин. Улар худди тирикка ўхшайди. Бу расмдаги ўрта ёшли эркак образи тасвирида шундоқ кўзга ташланади. Унинг юзи овал кўринишда, пешонаси кенг, қиррабурун, кўзлари катта, мўйлаби ўзига хос. Лабларининг қисилган ҳолда тасвирланиши диққати жамланганлигини билдиради.

Қоратепа суратларининг услуб ва усуллари бу расмларни чизган рассомнинг юнон-бақтрия санъати анъаналаридан яхши хабардор эканини кўрсатади. Бу ҳол, айниқса, яратилаётган образларни турли ҳолат ва кўринишда тасвирлаш усулидан фойдаланишда ҳамда тасвирланаётган образларга ўзига хос таъсирчанлик касб этувчи ечимларни қўллашда ёрқин намоён бўлган.

Ушбу ноёб деворий суратларни милодий II-III асрларга тааллуқли, дейиш мумкин. Бу санани ўрганиш давомида топилган тангалар ҳам тасдиқлайди. Бу ерда кушонлар шоҳи Канишка III тангаларига тақлид қилиб зарб этилган иккита танга топилган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, тангалар милодий III аср охирларида муомалада бўлган. Ўйлаймизки, келажакда деворий суратларнинг қолган қисми кашф қилиниши, услуб ва усулларининг чуқур ўрганилиши уларнинг аниқ санасини белгилаш имконини беради.

Шуниси диққатга сазоворки, бизнинг минтақада “рамка” ичига жойлаштирилган деворий суратлар шу чоққача маълум эмас эди. Бу борада Қоратепа суратлари биринчи намунадир. Бундай усул Шарқий Туркистонда кенг тарқалган бўлиб, улар илк ўрта асрлар билан белгиланади. Бу ҳолат бизга Шарқий Туркистонда расмни ўзига хос “рамка”да тасвирлаш анъанаси Бақтрия, хусусан, Термиз рассомчилик мактабининг Буюк ипак йўли таъсирида рўй берган, деган тахминни илгари суришга асос бўлади. Маълумки, Буюк ипак йўли нафақат тижорат, балки ўзаро маданий, маърифий ва маънавий алмашинувлар таъсири вазифасини ҳам бажарган. Бу йўл орқали савдо карвонлари билан бир қаторда ҳунармандлар, маданият ва санъат аҳли ҳаракат қилган.

Қоратепада рангли сюжетли деворий суратлар кашф этилиши археология илмида ўзига хос тарихий воқеадир. Чунки милодий II-III асрларга оид ва бундай яхши сақланган деворий суратлар ҳали фанга маълум эмас эди. Бу топилма мозийдан бизгача етиб келган ҳақиқий бетакрор санъат дурдонаси бўлиб, Марказий Осиё санъати тарихида янги саҳифа очади, аждодларимиз маънавий дунёси нақадар юксак бўлганини исботлайди. Шу билан бирга, ўша давр одамларининг жисмоний кўриниши, либослари ва заргарлик санъати ривожини ўрганишда бебаҳо манба бўлиб хизмат қилади. Давом этаётган археологик тадқиқотлар халқимизнинг қадимий ва турфа бадиий маданияти ҳақидаги билим-тасаввурларимизни бойитади. Янги сюжет ва образлар кашф қилиниши аждодларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо меросини дунёга янада кенг тараннум этишда муҳим омил бўлади.

Шокир Пидаев, 
ЎзФА Санъатшунослик 
институти директори.

ЎзА
4 796






Все о погоде - Pogoda.uz