Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 17:41 Чоп этиш версияси

Она тилини яхши билган хорижий тилларни тез ўрганади

"Хорижий тилларни ўқитишда она тилининг аҳамияти: муаммолар, ечимлар ва истиқболли режалар". Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Ўзбекистонда хорижий тиллар» илмий-методик электрон журнали ва интернет портали таҳририяти билан ҳамкорликда илк бор ташкил этилган масофавий илмий-амалий конференция шундай номланди. Унда олий таълим муассасаларининг ўқитувчи-профессорлари, чет эллик мутахассислар ва талабалар иштирок этди.

Масофавий конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Ш.Сирожиддинов ва бошқалар мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, хорижий тилларни ўрганишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланаётгани, аҳоли ўртасида тил ўрганишнинг ижтимоий аҳамияти ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Халқ тақдири она тили тақдирига бевосита боғлиқ. Зеро, она тилини йўқотмоқ – миллат руҳи, тарихини йўқотмоқдир. Дунё халқлари билан мулоқотга киришиш, дўстлик ришталарини боғлаш ва тинчликни сақлашда тилнинг ўрни беқиёс.

Тадбирда Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2016 йил 13 майдаги «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш, дунё мамлакатлари тажрибасини ўрганиш, узлуксиз таълим тизимида чет тилларни ўқитиш жараёнида она тилининг аҳамияти (интерференция) каби долзарб масалалар, бу йўналишда таълим сифатини ошириш механизмлари муҳокама қилинди.

– Ушбу илмий-амалий конференция анъанавий конференциялардан фарқ қилади, – деди «Ўзбекистонда хорижий тиллар» илмий-методик электрон журнали ва интернет портали директори Гулмира Шукурова. – Бунда кенг жамоатчилик замонавий ахборот технологиялари орқали исталган вақтда ва жойда виртуал баҳс-мунозарага киришиши мумкин. Ушбу тадбир ўзбек тилининг нуфузини ошириш, ёшларнинг хорижий тилларга қизиқишини кучайтириш, соҳага янги инновацион лойиҳалар киритиш сингари эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Тадбирда «Тилларни ўрганишда она тилининг ўрни», «Инглиз тилида артиклларнинг генератив грамматик таҳлили», «Интерференция жараёнида материални танлаш, баҳолаш ва адаптация қилиш» каби мавзуларда илмий маърузалар тингланди.

– Ўз она тилини яхши билган одам хорижий тилларни тез ва осон ўрганади, – дейди АҚШнинг Азуса Пасифик университети профессори Ненси Эклес. – Ўзбекистонда таълим тизимининг тўғри йўлга қўйилганлиги мамлакатингиз ёшларининг турли тилларда ўз она тилидек сўзлашишларига имкон бермоқда. Уларнинг тилларга бўлган иштиёқи мени жуда қувонтирди.

Масофавий илмий-амалий конференция www.conference.fledu.uz сайтида 28 апрелга қадар давом этади.

Севара Алижонова, ЎзА
4 997






Все о погоде - Pogoda.uz