ЎзА Ўзбек

19.07.2017 16:36 Чоп этиш версияси

Насафий алломалар мероси ўрганилмоқда

Манбаларда қайд этилишича, Қашқадарё воҳаси ва Насаф шаҳрида 300 га яқин машҳур алломалар, муҳаддис, муфассир, фақиҳ ва тарихчи олимлар яшаб ижод қилган.

IX асрда Насафда ҳадисшунослик ва фиқҳшунослик мактаблари вужудга келган. Х асрда яшаган Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Тадёний, Ҳаммад ибн Шокир ан-Насафий, Абул Муъйин ан-Насафий каби ўнлаб ижодкорлар номлари маълум. Шу боис Х-ХII асрларда Мовароуннаҳрдагина эмас, балки бутун Шарқда “Насафий” нисбаси анча машҳур бўлган. Бу даврда фиқҳ, ҳадис, тафсир ва ислом динининг асоси бўлган ақоид илми ривожланган. ХV асрда Насафий алломалар турк тилида ислом дини аҳкомлари ва бошқа ижтимоий соҳаларга оид асарлар ёза бошлаган. Амир Темур ва темурийлар даврида Насафда илм-фан, маданият ва санъат янада ривожланган. Абу Саъд Абул Карим ас-Самонийнинг “Китоб ал-Ансоб” асарида VIII-ХII асрларда яшаб ўтган 180 га яқин насафлик олим ва шоирнинг номлари қайд этилган. Умуман, бу қадим шаҳарда ўз соҳасининг жуда кўп зукко билимдонлари камол топган.

Буюк аллома ва мутафаккир Абул Муъйин ан-Насафий ана шундай аждодларимиздан бири. Бу зот Бухоро ва Самарқандда таҳсил олиб, калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия таълимотининг дунё бўйлаб кенг тарқалишида муҳим роль ўйнаган. Исломий эътиқод поклиги масаласида ўндан ортиқ китоблар ёзган ва улардан “Табсира”, “Тамҳид” ва “Баҳр ул-калом” асарлари бизгача етиб келган. Бу асарларда дин масаласида адашганларга тўғри йўл кўрсатилган. Ақида масалалари чуқур илмий таҳлил этилиб, мотуридия таълимоти моҳияти очиб берилган.

Шу нуқтаи назардан, бугун ёшларни турли диний оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда Абул Муъйин ан-Насафий илмий-маънавий мероси муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бугун Қашқадарёда улуғ аллома Абул Муъйин ан-Насафий номи билан боғлиқ масканни обод қилиш, у зотнинг илмий меросини чуқур тадқиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 15 июнь куни ўтказилган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, динимиз софлигини таъминлашга беқиёс ҳисса қўшган, халқимизни маърифатга бошлаган улуғ алломаларимиз меросини ўрганиш бугун ҳам долзарб эканини таъкидлади. Пойтахтимизда Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази ташкил этилаётгани, шунингдек, юртимизнинг барча ҳудудларида буюк аждодларимиз муқаддас қадамжоларининг обод этилиши ҳам бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Президентимиз фикрлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг буюк ватандошимиз, улуғ аллома ва мутафаккир Абул Муъйин ан-Насафийнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида қабул қилинган фармойиши талабларидан келиб чиқиб, Имом Бухорий халқаро маркази илмий ходимлари юртимиздан етишиб чиққан алломалар ҳаётини, уларнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш борасида илмий изланишлар олиб бормоқда. Бу илмий изланишлар натижасида яратиладиган китоб ва қўлланмалар халқимиз, айниқса, ёш авлодни буюк аждодимиз бебаҳо мероси билан яқиндан таништириш, уларнинг маънавий оламини бойитиш ҳамда ёт ғоялар таъсиридан асрашга хизмат қилади.

Нодир Қобилов, 
Имом Бухорий халқаро маркази илмий ходими.

ЎзА
12 437