ЎзА Ўзбек

04.10.2012 19:13 Чоп этиш версияси

Мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси

Бухоро тумани Галаосиё шаҳарчасида болалар мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси ишга туширилди.

Ушбу мажмуа Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2-Бухорожамоақурилиш уюшмасига қарашли “47-кўчма механизациялашган жамланма” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди. Янги бинода 150 нафар ўғил-қизнинг машғулотлар ўтказиши учун барча қулайликлар мавжуд.

Мазкур мактабда ҳайкалтарошлик, тасвирий санъат, металлга ишлов бериш, ёғоч ўймакорлиги, рақс санъати йўналишлари ҳам очилди.

– Мактабимизда санъатнинг турли соҳалари бўйича шуғулланишимиз учун барча шароит яратилган, – дейди ёш фортепьяночи Гулруҳ Худоёрова. – Илгари концерт залимиз бўлишини орзу қилардик. Мана, бугун 160 ўринли шундай залимиз бор. Бу ерда вилоят миқёсидаги танловлар, турли тадбирлар, ҳисобот концертларини ҳам ўтказиш мумкин.


ЎзА, Э.Ёдгоров
12 683