Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.10.2012 17:46 Чоп этиш версияси

Маҳорат ва истеъдод мактаби

Президентимиз Ислом Каримовнинг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлган миллий адабиётимизни равнақ топтириш жараёнида ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг китобларини нашр этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйида бошланган “Истеъдод мактаби” III Республика ёш ижодкорлар семинари ҳам ушбу эзгу мақсадларга хизмат қилаётир.

Ёш ижодкорлар семинарининг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда атоқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёш ижодкорлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тойир, Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмасининг раиси Кенесбой Каримов, адабиётшунос Умарали Норматов ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлод маънавиятини юксалтириш миллий адабиётимизни ривожлантириш билан уйғун олиб борилаётганини таъкидлади. Бу борада ижодкорлар меҳнатини эъзозлаш, эркин ва самарали ижод қилиш учун зарур шароит ва имкониятларни яратиш, адабиёт таълимини давр руҳига мос такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Ижод” фонди ҳамкорлигида ёш ижодкорларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. “Онажоним – шеърият”, “Биринчи китобим” сингари маърифий лойиҳалар уларнинг истеъдодини юзага чиқариш, дастлабки асарларини китоб ҳолида чоп этиш, бундай китобларни юртимизнинг барча мактаблари ва ахборот-ресурс марказларига тарқатиш, тарғиб ва ташвиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Анъанавий “Истеъдод мактаби” республика ёш ижодкорлар семинаридан кўзланган мақсад ҳам адабиётга меҳри баланд йигит-қизларни бугунги адабий жараён билан кенгроқ таништириш, улар ижодини атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш, ёш қаламкашларга зурур кўмак кўрсатишдан иборат.

– Ўтган йили Ватан, истиқлол, миллий қадриятларимиз қадр топаётгани, бетакрор табиатимиз тараннум этилган шеърларимдан иборат “Гулингман, Ватан!” тўпламим чоп этилган эди, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг 1-курс талабаси Гулзода Отаниёзова. – Бу каби ижодий семинарлар устоз ёзувчи ва шоирларнинг бемисл меҳри, ўгит ва маслаҳати, йўл-йўриқларидан баҳраманд бўлиш, тенгдошларимиз ижоди билан яқиндан танишиш имконини беради.

Семинар машғулотларида таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, таржимонлар иштирокида наср, назм, болалар адабиёти каби йўналишлар бўйича маҳорат сабоқлари, учрашувлар, мулоқотлар бўлиб ўтади. Илк асарлар тақдимоти, қизиқарли мушоиралар жараёнида ёш ижодкорлар қалами устозлар назаридан ўтказилади. Айни пайтда истиқлол йилларида барпо этилган иншоотлар, муаззам майдонлар, музейлар, театрга саёҳатлар семинарга янада ранг-баранглик бағишлайди.


ЎзА, Назокат Усмонова
8 133