ЎзА Ўзбек

09.11.2012 22:22 Чоп этиш версияси

Маънавияти юксак авлодни тарбиялаш йўлида

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Маданият саройида “Ёшларни ахборот-психологик хуружлардан ҳимоя қилиш технологияси: назария ва амалиёт” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Миллий университети ректори Ғ.Муҳамедов ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юксак маънавиятли, баркамол ёшларни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади.

Тадбирда сўнгги пайтда интернет хизматлари кундалик ҳаётимизга шиддат билан кириб бораётгани, ёшлар энг янги ахборот-коммуникация технологияларини муваффақиятли эгаллаётгани қайд этилди. Ижтимоий тармоқларда рўйхатга олинган фойдаланувчилар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Шунинг баробарида, жаҳон ахборот тармоғи, мобиль алоқа тизими, компьютер ўйинлари, видеомаҳсулотлар орқали миллий манфаатларимиз, мафкурамиз, маънавий-ахлоқий қарашларимизга зид, зарарли ғояларни тарқатишга уринишлар кузатилмоқда.

Глобаллашув, яъни ахборот маконида турли таҳдидлар мавжуд бўлган ҳозирги шароитда ёшлар учун соғлом ахборот муҳитини яратиш устувор вазифага айланмоқда.

Семинарда глобаллашув жараёнига ахборот-психологик таъсир ўтказиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ахборот технологияларининг ёшлар дунёқарашига таъсири, миллий ахборот тизими ва ресурсларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.

Ёш авлодни ахборотдан ҳимоя қилиш бўйича Республика Маънавият тарғибот маркази олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди. Ёшларнинг ахборот соҳасидаги фикрини мониторинг қилиш тизимини шакллантириш, шунингдек, йигит-қизларнинг ахборот-психологик хавфсизлигини таъминлашга доир илмий асосларни яратиш масалаларига илмий ёндашиш зарурлиги таъкидланди.

– Қўмитамиз ёшларни маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказадиган ахборотдан ҳимоя қилишга қаратилган алоҳида қонун лойиҳаси устида иш олиб бормоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Ф.Солиев.

Тадбирда ёш авлоднинг мафкуравий иммунитетини шакллантириш, медиа-саводхонлиги ва интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш, ахборот-психологик хуружлардан ҳимоя қилиш технологияларини такомиллаштириш, ўқув тренингларини ташкил қилиш, ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашни янада кучайтиришга оид комплекс тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича таклифлар билдирилди.


ЎзА, А.Рашидбеков
7 829