ЎзА Ўзбек

12.10.2012 19:10 Чоп этиш версияси

Мактабларда – ўзбек тили ва адабиёти ойлиги

Дунёда тўрт минг беш юздан ортиқ тил ва шева мавжуд. Шундан атиги юзга яқини давлат тили мақомига эга. Ўзбек тили ҳам ана шу давлат тиллари қаторида эканидан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Айни пайтда мамлакатимиздан ташқарида ҳам миллионлаб кишилар ўзбек тилида мулоқот қилади. Она тилимизда китоблар, газета ва журналлар чоп этилмоқда. Қатор давлатларда ўзбек тили ва адабиёти алоҳида фан сифатида ўргатилмоқда. Интернет тармоғида ўзбек тилидаги сайтлар кўпайиб бораётир. Буларнинг барчаси тилимизнинг бойиб, халқаро миқёсдаги мавқеи юксалиб бораётганидан далолатдир.

Президентимиз раҳнамолигида миллий маданиятимизнинг кўзгуси бўлган она тилимизни янада бойитиш, давлат ва жамоат ташкилотларида давлат тили ҳақидаги қонун ижросини таъминлаш, ёшларимизни тилимизга ҳурмат ва муҳаббат руҳида тарбиялашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу жараён изчил давом этмоқда.

Чирчиқ шаҳридаги рус тилига ихтисослашган 9-умумтаълим мактабида ўзбек тили ва адабиёти фанлари юқори савияда ўқитилмоқда. Мазкур фанлар бўйича махсус тўгараклар ташкил этилган. Қўшимча машғулотлар ўқувчиларга она тилимизни янада чуқурроқ ўрганиш имконини бермоқда.

– Мамлакатимизда фарзандларимизнинг пухта билим олиши, чет тилларини мукаммал ўзлаштириши учун барча имконият яратилган, – дейди мактаб директори Элеонора Лорина. – Бундан самарали фойдаланиб, дунёга чиқаётган ёшларимиз айни вақтда чет тилларини ўзбек тили воситасида ўргангани билан фахрланадилар.

Ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Сайёра Самадованинг айтишича, қарийб саккиз юз нафар ўқувчи фан тўгаракларига қатнашмоқда. Улардан 75-80 нафари ўзбек тили тўгараги аъзолари ҳисобланади. Умида Раҳимова, Муҳайё Йўлдошева каби ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари истеъдодли ўқувчиларни турли танлов ва фан олимпиадаларига тайёрламоқда.

Тилимиз қадим маданиятимиз каби гўзал ва ранг-барангдир. Мактабда миллий урф-одат ва анъаналаримиз, она тилимиз имкониятлари, юртимизда давлат тили мавқеини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётир. Чунончи, ўтган йили мактабнинг 9-синф ўқувчиси Шаҳзода Маҳкамова ўзбек тили бўйича фан олимпиадасининг вилоят босқичи ғолиби бўлди. Жорий йилда яна бир битирувчи Сайёра Усмонова олимпиаданинг шаҳар босқичида 2-ўринни эгаллади.

Вилоятдаги барча, жумладан, рус, қирғиз ва қозоқ тилида таълим бериладиган мактабларда ҳам ўзбек тили ва адабиёти фани ойлиги юқори савияда ўтказилмоқда. Уларда турли миллатга мансуб ўқувчиларнинг ўзбек тилида тайёрлаган чиқишлари тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. 


ЎзА, Холмурод Салимов
14 781