ЎзА Ўзбек

24.04.2017 17:59 Чоп этиш версияси

Маданий алоқаларнинг муҳим воситаси

Наманганда “Тиллар ҳамдўстлиги – маданиятлар ҳамдўстлиги” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Наманган давлат университети ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот муассасалари профессор-ўқитувчилари, тилшунос олимлар, таржимонлар, талабалар иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимиз илмий салоҳиятини янада юксалтириш, илм-фанни ривожлантириш, бу борада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Юртимизда хорижий тилларни ўқитиш ва ўрганиш тизимини такомиллаштириш, айниқса, ўзбек тилининг мавқеини янада мустаҳкамлаш, жаҳон тиллари билан ўзаро яқин алоқада ривожланишини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Наманган давлат университети рус тили кафедраси мудири Муҳаббат Саидова. – Анжуманда тилнинг халқаро маданий, ижтимоий, иқтисодий алоқаларда тутган ўрни ва аҳамияти, глобаллашув даврида тилшунослик олдида турган вазифалар, тилларни ўқитиш ва тадқиқ этиш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Илмий анжуманнинг умумий йиғилиши ва шўъба машғулотларида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Ҳ.Ҳомидий, Бухоро давлат тиббиёт институти профессори Қ.Шодмонов, Наманган давлат университети доценти А.Абдулазизов ва бошқа олимларнинг мавзуга доир маърузалари тингланди.

“Риторика – мулоқот маданиятининг шаклланиши омили сифатида”, “Бошланғич синфларда ўқувчилар оғзаки нутқини ўстириш”, “Немис тилидаги фразеологизмларнинг бир ва икки тилли луғатларда берилиши”, “Муножот” таржимасида мазмун ва шакл бирлиги”, “Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарининг таржимавий талқинлари”, “Ўткан кунлар” даги ҳаракат, имо-ишора, турқ-тароват таржимаси” каби маърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
16 267