ЎзА Ўзбек

01.11.2012 17:36 Чоп этиш версияси

Конимехда янги мусиқа ва санъат мактаби

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Навоий вилоятининг Конимех туманида барпо этилган 4-болалар мусиқа ва санъат мактабида тумандаги санъатга ихлосманд ёшларнинг миллий ва жаҳон санъати намуналаридан баҳраманд бўлиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.

– Муассасамизда санъатсевар ёшларнинг ҳар томонлама пухта билим олишлари учун барча имкониятлар мавжуд, – дейди мактаб директори Маҳбуба Аднаева. – Айни пайтда 231 нафар ўқувчи олти бўлимда санъат сирларини эгалламоқда.

– Биз, ёшларга яратилган бундай имкониятлардан чексиз мамнунмиз, – дейди “Келажак овози” республика кўрик-танлови ғолиби, хореография бўлими ўқувчиси Асем Туренова. – Эски мактабимиз ўрнида бунёд этилган янги, барча қулайликларга эга замонавий мусиқа мактабида таълим олиш санъатга бўлган иштиёқ ва интилишимизни янада кучайтирмоқда. Бундай ғамхўрликка жавобан келгусида миллий санъатимизни жаҳон миқёсида намойиш этиш барчамизнинг энг улуғ мақсадимиздир.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи қайд этилган қарорига мувофиқ, кейинги йилларда вилоятнинг энг олис ҳудудларида ҳам шаҳардагидан қолишмайдиган шарт-шароитга эга замонавий мусиқа ва санъат даргоҳлари кўпаймоқда. Уларда таълим олаётган ёшларни ҳар томонлама билимли ва баркамол этиб вояга етказиш йўлида кенг кўламли ишлар олиб борилаётир. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар самарасида вилоятдан етишиб чиқаётган ёш истеъдодлар турли нуфузли танлов ва фестивалларда совринли ўринларни эгалламоқда.


ЎзА, Н. Раҳимов
12 200