ЎзА Ўзбек

22.12.2016 17:10 Чоп этиш версияси

Китоб ва китобхонлик

Китоб ва китобхонлик Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида “Китоб ва китобхонлик –инсон маънавияти кўзгуси” мавзуида илмий-амалий конференция ва китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Унда таълим муассасалари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари, ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.

Олтинсой тумани ҳокими Э.Бойниёзов, Сурхондарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси масъул ходими Ҳ.Исломқулов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавиятини юксалтириш, миллий адабиётимиз ва санъатимизни янада ривожлантириш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ижодкорларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ахборот коммуникация технологиялари кундалик турмушимиздан муҳим ўрин эгаллаётган бугунги кунда аҳоли, айниқса, навқирон авлодда китобга меҳр уйғотиш, уларнинг мутолаа маданиятини юксалтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. 2016 йилда тумандаги 9 қишлоқ, 53 маҳалла фуқаролар йиғини қошида кўчма кутубхоналар ташкил этилди.

– Келажак авлоднинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор, – дейди “Чинор” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Зулфия Чоршанбиева. – Яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ва эзгуликка ундайди. Маҳалламиз аҳли ҳудуддаги умумтаълим мактаби кутубхонасидан фойдаланар эди. Кўчма кутубхона ташкил этилгани китобхонлар учун жуда қулай бўлди.

Туман “Баркамол авлод” маркази, 66 умумтаълим, 2 мусиқа ва санъат мактаби қошида фаолият юритаётган ахборот-ресурс марказлари ҳамда кутубхоналарда 45 мингга яқин электрон ўқув қўлланмалар, илмий, бадиий ва бошқа китоблар мавжуд. Шундан 6 минг 274 таси электрон қўлланмалардир. 2016 йилда ахборот-ресурс марказлари ва кутубхонлардан ўттиз мингга яқин китобхон фойдаланган. 8 касб-ҳунар коллежининг замонавий ахборот-ресурс марказлари 75 минг нусхадан ортиқ дарслик, илмий, бадиий ва бошқа соҳаларга оид адабиётлар билан таъминланган.

Олтинсой саноат касб-ҳунар коллежи “Қорлиқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган. Замонавий коллежнинг ахборот-ресурс маркази юзга яқин электрон дарслик ва турли мавзуга оид 17 минг 820 китоб фондига эга.

– Коллежимизда компьютердан керакли маълумотларни олиш, интернетдан фаол фойдаланишимиз учун барча шароит мавжуд, – дейди ушбу коллеж ўқувчиси Мафтуна Хурсанова. – Лекин, китобнинг ўрни барибир бошқача-да. Чунки, дунёда “оммавий маданият” ниқоби остида турли ёт ғоялар ёшлар тафаккурига жиддий таҳдид солаётган бир пайтда маънавий камолотга эришишда китоб, айниқса бадиий адабиётларнинг ўрни беқиёс.

Илмий-амалий конференцияда китобхонликнинг бугунги аҳволи ва муаммолари, китоб ва китобхонлик маданияти, электрон кутубхоналар ва хизмат кўрсатишнинг инновацион йўналишлари хусусида фикр алмашилди. Касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг “Китоб – менинг ҳаётим” деб номланган бадиий чиқишлари намойиш этилди. “Йилнинг энг намунали ахборот-ресурс маркази”, “Йилнинг энг фаол ахборот-ресурс маркази”, “Йилнинг энг жажжи китобхонлари жамоаси”, “Энг фаол китобхон”, “Энг фаол тарғиботчи китобхонлар жамоаси” йўналишлари бўйича ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
27 997