Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

31.01.2017 17:35 Чоп этиш версияси

Китоб комилликка етаклайди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Китоб – маънавият бешиги” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, Қорақалпоғистон Республикаси ахборот-кутубхона маркази ходимлари, ёзувчи ва шоирлар, талабалар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавиятини юксалтириш, уларда миллий қадриятларимизга ҳурмат, китобга меҳр уйғотиш, миллий адабиётимиз ва санъатимизни янада ривожлантириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Таълим муассасалари учун ўқув адабиётлари яратиш ва ўқувчиларга етказиб беришнинг мустаҳкам тизими яратилиб, етти тилда дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилмоқда. Ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий электрон кутубхоналар фаолияти такомиллаштирилмоқда. Бу йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини янада оширишда Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши муҳим дастуруламал бўлмоқда.

– Зиё масканимизда китобхонлар учун барча қулайлик яратилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси ахборот-кутубхона марказининг илмий-методик бўлими раҳбари В.Танирбергенова. – Марказнинг 300 мингга яқин фондидан 230 мингтаси китоб, 32 мингтаси газета-журнал, 31 мингга яқини электрон ресурслардир. 2007 йилдан буён расмий веб-сайт фаолият кўрсатмоқда. Ёшларимизнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини янада ошириш, мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида турли учрашув, мушоира ва китобхонлик кечалари ўтказилмоқда.

Тадбирда китобхонликнинг бугунги аҳволи ва муаммолари, китоб ва китобхонлик маданияти, электрон кутубхоналар ва хизмат кўрсатишнинг инновацион йўналишлари хусусида фикр алмашилди. Бадиий жиҳатдан юксак, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ўстиришга хизмат қиладиган китобларга бўлган талабни ўрганиш, ижтимоий сўровлар ўтказиш, ёзувчи-шоирлар иштирокида китоб байрамлари ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Тадбир мушоира билан якунланди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
2 975






Все о погоде - Pogoda.uz