ЎзА Ўзбек

07.09.2019 Чоп этиш версияси

Ким депутат бўлгани маъқул?

Ким депутат бўлгани маъқул?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Умрзоқовнинг Facebookʼдаги саҳифасида эълон қилинган депутатликка номзодини қўймоқчи бўлган блогерлар ҳақидаги фикрлари бугун ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бўлди.

Шу боис Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 10 йил фаолият юритган собиқ депутат, журналист ва юрист сифатида мазкур масала юзасидан айрим фикрларим билан ўртоқлашишни лозим топдим.

Тўғриси, мамлакатимизда профессионал парламент тизимига ўтган (2005 йил) Олий Мажлис қуйи палатасининг илк депутатлари сафида бўлганимдан ҳамиша ғурурланаман. Ўшанда Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг аксарияти иқтисодчилар ва юристлар бўлган. Банкирлар, шифокорлар, ўқитувчилар... фермерлар ҳам кўпчилик эди. Журналистлар эса... бир қўлнинг бармоқларидан ҳам кам эди. Ҳозир ҳам шундай.

Маълумки, Ўзбекистон парламенти – Олий Мажлис олий давлат вакиллик, қонун чиқарувчи орган бўлиб, унинг қуйи – Қонунчилик палатасига жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларда 150 нафар депутатларининг барчаси ҳудудий, бир мандатли сайлов округлари бўйича кўп партиялилик асосида, умумий, тенг ва тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар. Бу ҳуқуққа 25 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар эгаки, буни эслашдан мақсад, Қонунчилик палатаси кенг, кўп қиррали ваколатларга эга. Яъни қонунчилик, давлат бошқарувининг муҳим масалаларини кўриб чиқишда ва ҳал этишда иштирок этади, давлат бюджетини тасдиқлайди, парламент назоратини амалга оширади ҳамда қатор давлат органларини шакллантиришда қатнашади.

Демак, парламентда, айниқса, Қонунчилик палатасида турли соҳа ва касб вакилларининг бўлиши ҳаётий заруриятдир. Бироқ...

2009 йили депутатлик ваколатимиз тугашига саноқли ойлар қолганда таниқли фермер-депутатдан “Сайловга номзодингизни қўясизми” деб сўрадим. Туманида катта обрў-эътиборга эга, кучли партиянинг фаол аъзоси ва кўп тармоқли фермер хўжалигига раҳбарлик қилган бу инсон сайловда иштирок этса, албатта, ютиб чиқишига ишонардим. Аммо унинг кутилмаган жавобидан ҳанузгача ҳайратланаман: “Ҳар ким қўлидан келган ишини қилгани маъқул, деди у қатъий оҳангда. Мана, 5 йил бирга ишладик. Ёшим олтмишга етган бўлса-да, кўп нарсани ўргандим. Аммо шу даврда парламент ҳам, фермер хўжалиги ҳам менинг мисолимда кўп нарса йўқотди. Депутатларнинг 5 йиллик фаолияти ҳақидаги статистик маълумот билан танишиб чиқдим. Мана, сиз 4 та қонун лойиҳасини муҳокамага олиб чиқибсиз, 30 та таклифларингиз қонунларни қабул қилишда инобатга олинибди. Бу зўр эмас, аммо ёмонмас. Аммо менда бу кўрсаткичлар “ноль” турибди. Албатта, бунда етарлича юридик маълумотга эга бўлмаганим, қонунчилик техникасидан хабардор эмаслигим ва ҳоказо сабаблар бор. Энди тасаввур қилинг: агар фермер хўжалигимда бўлганимда, қанча ишларни амалга оширган, давлатимизга, халқимизга қанча нафим теккан бўларди?” Бу мард, олижаноб инсонга ҳурматим беҳад ошди.

Таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг иши депутатларининг профессионал, доимий фаолиятига асосланади. Бошқача айтганда, Қонунчилик палатаси фаолиятининг ташкилий шакли унинг, қоида тариқасида, ҳафтасига уч марта ўтказиладиган мажлисларидир. Яъни Қонунчилик палатаси депутатлиги бу касб: ҳар куни эрталаб ишга келасан ва қўмитада, фракцияда, ишчи гуруҳларда қонун лойиҳаси устида ишлайсан, ишлайверасан. Аксарият ҳолларда биргина норма устида ҳафталаб, ойлаб ишлашингга тўғри келади. Яна ҳафталаб, ойлаб Қонунчилик палатаси сессияларида моддама-модда муҳокамалар чиғириғидан ўтказилади. Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаси матни билан 3 ўқишда муҳокамалардан ўтиб, қабул қилинган қонун матнини солиштириб кўрсангиз фикримнинг тасдиғи, депутатлар фаолиятининг самараси яққол намоён бўлади.

Тўғри, қабул қилинган қонунларнинг барчасини ҳаётий, сифатли, пишиқ, пухта ишланган, деб деб бўлмайди. Бунинг сабаби эса айнан депутатларнинг билими, дунёқараши, тажрибаси билан боғлиқки, Қонунчилик палатасида профессионал депутатлар фаолият юритиши лозимлигини ўз-ўзидан аёнлашади.

Хўш, энди айтинг-чи, сизнингча, Қонунчилик палатасига кимлар депутат бўлгани маъқул? Айрим хорижий давлатлар парламентларига полулистлар ва шоуменларнинг ўтиб қолиши қандай оқибатларга олиб келганидан хабарингиз бордир? Бундан кимга наф: халққами, давлатгами?

Бугун янгиланаётган Ўзбекистон шароитида, кенг кўламда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёнида энг фаол қатлам бу –блогерлардир. Шу боис ҳам Давлат раҳбари уларга катта ишонч билдиряпти. Яқинда кўҳна Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ тароналари” фестивали доирасида Президентимизнинг айнан блогерлар билан учрашгани ва уларни доим қўллаб-қувватланишини таъкидлагани бежиз эмас.

Ҳақиқатдан ҳам, бугун блогерлар жамият ҳаётида учраётган неки нуқсон ва камчиликлар бўлса, беаёв фош этмоқда, танқид қилмоқда. Шу йўл билан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширмоқда. Жамиятда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бу бугунги янгиланаётган Ўзбекистон шароитида жуда муҳим.

Шу боисдан ҳам, бугун кўпчилик блогерларга ҳурмат ва ҳавас билан қарамоқда. Уларнинг ҳар бир чиқишини диққат билан кузатмоқда. Улар орасида парламент вакиллари ҳам кўпчилик эканлигига ишончим комил.

Энди ўзингиз айтинг-чи, жамият тараққиёти учун шунчалик аҳамиятли ва муҳим фаолиятни амалга ошираётган блогерлар парламентда қонун ижодкорлигидан кўра, айни йўналишдаги фаолият юритиши фойдалироқ эмасми? Айниқса, бугунги шаффофлашаётган жамият, янгиланаётган Ўзбекистон учун.

Олимжон Ўсаров,
Филология фанлари номзоди

15 739
ЎзА