Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2016 16:44 Чоп этиш версияси

Кардиологлар анжумани

Кардиологлар анжумани Наманганда кардиология ва кардиохирургиянинг долзарб масалаларига бағишланган республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Мамлакатимиздаги етакчи клиникалар, илмий-тадқиқот ва тиббиёт муассасалари вакиллари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги ортиб, бу жаҳон ҳамжамияти ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилаётгани алоҳида таъкидланди.

– Соғлиқни сақлаш тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши самаралари аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси узайишда ҳам ўз ифодасини топмоқда, – дейди Ўзбекистон кардиологлар уюшмаси раиси, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори Р.Қурбонов. – Кардиология соҳасининг моддий-техник базаси ва илмий-амалий салоҳияти мустаҳкамлангани ривожланган давлатлардаги нуфузли клиникаларда бажарилаётган юрак-жарроҳлик амалиётларини мамлакатимизда амалга ошириш имкониятини кенгайтирди. Наманган вилояти кардиология маркази ана шундай замонавий шифо масканларидан биридир.

Президентимизнинг 2009 йил 6 августдаги “Наманган шаҳрини 2009-2012 йилларда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори асосида вилоят кардиология марказида кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилди. Қарийб 2 миллион долларлик замонавий тиббий ускуналар билан таъминланди. Ҳозир бу ерда энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари амалга оширилмоқда.

– Марказда юртимиздаги етакчи кардиология муассасалари кардиохирурглари раҳбарлигида очиқ артериал протокни боғлаш ва тикиш, юракнинг туғма нуқсони бўйича фалло триадаси ва тетрадасининг радикал коррекцияси, аорта коронар шунтлаш амалиётлари муваффақиятли ўтказилди, – дейди Наманган вилояти кардиология маркази бош шифокори Н.Баҳриддинов. – Юрак ритми бузилиши ва каналларида икки камерали кардиостимуляторни ўрнатиш ўзлаштирилган, сунъий қон айланиш шароитида ва ишлаб турган юракда аралашувларнинг барча турлари бажарилмоқда. Малакали мутахассисларнинг маҳорат дарсларида ва Европанинг бир қатор нуфузли юрак-қон томир илмий марказларида малака оширган ҳамкасбларимиз бугун мураккаб жарроҳлик амалиётларини мустақил бажармоқда.

Анжуманда соҳа мутахассисларининг мамлакатимизда кардиология ва кардиохирургия соҳасида эришилаётган ютуқлар ва уларнинг омиллари, юрак-қон томир касалликлари диагностикаси ва даволаш усуллари, жарроҳликка доир илмий-амалий янгиликлар ва уларни амалиётда қўллаш, дори-дармон ва препаратлардан фойдаланиш, соҳа истиқболлари ҳақидаги 20 дан зиёд илмий маърузалари тингланди. Иштирокчилар Наманган вилояти кардиология марказида оғир, муаммоли беморлар диагностикаси ва даволаш тактикаси, кардиоангиограф ва стентлаш аорта коронар шунтлаш бўйича ташкил этилган маҳорат дарсларида назарий билимини мустаҳкамлади.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
12 719