ЎзА Ўзбек

08.11.2012 17:24 Чоп этиш версияси

Ижодий баркамоллик сари

Нукус шаҳридаги 1-болалар мусиқа ва санъат мактаби ёш иқтидор эгаларининг ижодий камолотига хизмат қилаётган замонавий таълим масканларидан бири.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида капитал реконструкциядан чиқарилган мазкур мактаб янги мусиқа асбоблари, юмшоқ мебеллар, зарур техник ва методик қўлланмалар билан таъминланган. Ҳозирда бу ерда 390 нафар ўғил-қиз мусиқа ва санъат сирларини пухта эгалламоқда.

Мактаб тарбияланувчилари орасида шаҳар, республика ва халқаро миқёсда ўтказилаётган танловларда муваффақиятга эришаётган ўғил-қизлар кўпчиликни ташкил этади. “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивалининг бу йилги Қорақалпоғистон Республикаси босқичида мактабнинг йигирмага яқин ўқувчилари ўз маҳоратини намойиш этди. Улардан беш нафари фестивалнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.


ЎзА, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат)
7 686