ЎзА Ўзбек

12.10.2012 19:01 Чоп этиш версияси

Иқтидорли ёшлар – доимий эътиборда

Ёшлар ижод саройида “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” ва “Меҳр нури” жамғармалари томонидан таъсис этилган Таълим грантлари дастури ва Иқтидорли талабалар учун стипендиялар дастури ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Он-лайн тарзида ташкил этилган тадбирда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда ёшларга пухта таълим-тарбия бериш, уларнинг эзгу орзу-интилишлари, истеъдод ва қобилиятини юзага чиқаришига кўмаклашиш давлатимиз раҳбари юритаётган сиёсатнинг устувор йўналишларидандир. “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси томонидан амалга оширилаётган қатор лойиҳалар ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда.

2005 йилдан буён ўтказиб келинаётган Таълим грантлари дастури олий таълим муассасаларига шартнома асосида ўқишга кирган талабаларнинг бир йиллик шартнома пулини тўлаб бериш, Иқтидорли талабалар учун стипендиялар дастури эса ўқиш жараёнида муваффақиятларга эришган ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Жорий йилда мазкур грантлар учун ўтказилган танловда тўрт минг нафарга яқин талаба қатнашди ва уларнинг 237 нафари ғолиб бўлди.

– Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар кўп, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик институти талабаси Барно Дўсматова. – Бундай лойиҳаларда қатнашиш бизни янада фаолликка, изланиш ва камолотга ундайди.

Тадбирда танлов ғолибларига диплом ва сертификатлар топширилди.

Он-лайн мулоқотда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлардаги ёшларга “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасининг маърифий лойиҳалари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, яқинда Эронда футбол бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб бўлган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзоларига совғалар топширилди.

Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт тадбирга файз киритди.


ЎзА, Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат)
12 486