ЎзА Ўзбек

14.12.2015 19:13 Чоп этиш версияси

Истиқболли ихтиро

Дунё миқёсида чиқиндиларни бартараф этиш долзарб муаммолардан бири бўлиб бормоқда. Айниқса, маиший ва саноат чиқиндиларининг кўпайиши экологик барқарорликка катта салбий таъсир кўрсатаётир. Шу боис чиқиндиларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш ва уни қайта ишлаш тизимини ривожлантириш муҳим вазифадир.

Мамлакатимизда ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни татбиқ этиш жараёнида чиқиндиларни зарарсизлантириш ва қайта ишлашни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимизда ёш олимлар ва тадқиқотчиларнинг илмий лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, бу йўналишда инновацион лойиҳа ва ихтироларни ишлаб чиқиш, улардан самарали фойдаланишга кенг имкониятлар яратилмоқда. Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тошкент кимё-технология институти ўқитувчиси Муроджон Самадий ишлаб чиққан галитли чиқиндиларни қайта ишлаш технологияси ҳам истиқболли лойиҳалардан биридир.

Қашқадарё вилоятидаги “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” унитар корхонаси Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. 2010 йилда мазкур корхона ишга тушиши билан мамлакатимизга калийли ўғитларнинг четдан импорт қилинишига эҳтиёж қолмади. Натижада Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ривожи учун ғоят муҳим бўлган фосфорли, азотли ва калийли минерал ўғитлар ишлаб чиқариш салоҳиятига эга жаҳондаги саноқли давлатлар қаторидан жой олди.

Калийли ўғитлар ўсимликларнинг тез ўсишига, совуқ ва касалликка чидамлилиги ошиши, поясининг йўғонлашишига ёрдам беради.

“Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи”да йилига 200 минг тонна калий хлориди ишлаб чиқарилади. Ёш олим таклиф қилган технология мазкур заводдан чиққан чиқиндиларни қайта ишлаш, атроф-муҳит зарарланишининг олдини олиш ва кундалик ҳаётда керак бўладиган бошқа маҳсулотлар олишга мўлжалланган.

– Институт ва корхона лабораториясида мутахассислар билан биргаликда галитли чиқиндининг физик ва кимёвий хусусиятларини ўрганиб чиқдик, – дейди М.Самадий. – Мен таклиф этаётган технология чиқиндини тозалаш, ювиш, кимёвий ва механик қўшимчалардан тозалаб, тайёр маҳсулот олишга қаратилган. Чиқиндини қайта ишлаш технологияси ҳудуд экологиясини муҳофаза этиб, ҳавонинг тозалигига ижобий таъсир кўрсатади, қўшимча иш ўринлари яратилади.

Ёш олимнинг айтишича, галитли чиқиндилардан техник натрий хлорид ишлаб чиқариш мумкин. Техник натрий хлорид ғўза баргини тўкиш учун ишлатилувчи дефолиантлар, каустик сода, кальцинацияланган сода ишлаб чиқаришда хомашё ҳисобланади. Бундан ташқари, иссиқлик таъминоти корхоналарида сувни тозалаш учун ишлатилади. Техник натрий хлориддан ош тузи ҳам ишлаб чиқариш мумкин. Лаборатория жараёнида ишлаб чиқарилган ош тузи истеъмолга яроқлилиги текшириб кўрилиб, тузнинг сувда юз фоиз чўкмаларсиз эриши кузатилди.

2015 йилда ўтказилган VIII Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида М.Самадий яратган янгилик корхона ва ташкилотлар вакилларида қизиқиш уйғотди. Ҳозирги кунда ёш олим мазкур технологияни саноат миқёсида татбиқ этиш ва янада такомиллаштириш юзасидан изланиш олиб бормоқда.

Даврон Суннатов, ЎзА
40 551