ЎзА Ўзбек

11.03.2019 18:27 Чоп этиш версияси

Интеллектуал мулкдан ноқонуний фойдаланишга чек қўйилади

Интеллектуал мулкдан ноқонуний фойдаланишга чек қўйилади


Ушбу соҳада яратилган янги тизим ва жорий этилаётган қонуний меъёрлар бунга йўл қўймайди

Ҳар бир давлат, халқнинг жаҳонда тутган ўрни ва нуфузи, аввало, интеллектуал салоҳияти ва унинг натижаларига қараб белгиланади. Мазкур бойликни эса нафақат яратиш ва уни ижтимоий муносабатларга татбиқ этиш, балки муҳофаза қилиш ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 февралдаги “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шу мақсадда қабул қилинди.

ЎзА мухбири мазкур қарорнинг аҳамияти ва ижроси бўйичаАдлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги директори ўринбосари Баҳодир САЪДУЛЛАЕВ билан суҳбатлашди.

– Интеллектуал мулк – халқимиз салоҳияти ифодаси бўлиши билан бирга мамлакат тараққиётини белгиловчи асосий омиллардандир, –дейди Б.Саъдуллаев. – Бу бебаҳо мулкни ривожлантириш ва муҳофаза қилиш бўйича замонавий ёндашувларга эҳтиёж туғилди. Шу мақсадда Президент қарори қабул қилинди. Қарорнинг асосий жиҳати шундаки, интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқаруви янада такомиллаштирилди.

Қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига ўтказилди.

Ҳозирги кунда Агентлик интеллектуал мулк соҳасига оид қонунчиликни мустаҳкамлаш, унинг ижроси бўйича фаолият олиб бормоқда.

– Интелектуал мулк эгалари ўз товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиши талаб қилинади. Бу борада қандай янги тартиб жорий этилди?

– Аввал товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиш учун топширилган талабномаларни онлайн тарзда кўриш имкони мавжуд эмас эди. Эндиликда эса интеллектуал мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар бир иш куни ичида махсус веб-сайтимизга жойлаштирилади.

Шу мақсадда baza.ima.uz сайти яратилди ва унда “Интеллектуал мулк” ахборот-қидирув тизими ишга туширилди. Бу базадан нафақат талабнома топширган шахслар, балки мазкур базадан фойдаланувчи бошқа барча шахслар ўзлари хоҳлаган маълумотларни кўриши ва олиши мумкин.

Мазкур тизим ишга туширилганидан буён, яъни 2019 йил 1 мартдан бугунги кунга қадар Агентликка 70 дан зиёд талабнома келиб тушди ва тегишли маълумотлар тизимга киритилди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, базада рўйхатдан ўтган ва рўйхатдан ўтказиш учун топширилган ва амалдаги ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари ва бошқа интеллектуал мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд.

– Агентлик базасида талабнома эълон қилингач, улар бўйича эътироз тушса, бу қандай ҳал қилинади?

– Низоли масалаларни судгача кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун Апелляция кенгаши фаолият юритмоқда. Апелляция фаолиятида шаффофликни ҳамда интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш мақсадида тегишли Низом қайтадан кўриб чиқилмоқда. Унда ноҳалол топширилган аризалар ҳақидаги ёзма эътирозларни тақдим этиш мумкинлиги билан боғлиқ меъёрлар ўрин олади.

Шу билан бирга бир қатор ҳужжатларга замон талаблари ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритиш режалаштирилаётир.

– “Товар белгиси” тушунчасига тўхталиб ўтсангиз. Товар белгисига эгалик қилиш қандай афзаллик беради?

– Товар белгиси – бу инсоннинг бевосита индивидуал асар яратишга қаратилган ижодий фаолиятни амалга оширмасдан, муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олган натижасидир.

Бу товарларни фарқлаш учун хизмат қиладиган восита бўлиб, у белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади. Товар белгилари якка тартибда ва жамоавий бўлиши мумкин.

Товар белгисини бериш бу ҳақда талабнома берилган санадан эътиборан етти ой ичида, бироқ камида олти ойдан кейин Агентлик томонидан амалга оширилади. Товар белгисига оид гувоҳнома ўн йил мобайнида амал қилади.

Товар белгиси эгаси товар ва хизматлар бозорида товар белгисидан фойдаланишнинг мутлақ ҳуқуқига эга бўлади. Унда учинчи шахслар томонидан товар белгисидан ноқонуний фойдаланишга чек қўйиш имконияти мавжуд бўлади. Товар белгисига эга тадбиркорлик субъектининг бизнесига бошқа шахсларнинг ўзбошимчалик билан аралашувининг олди олинади ва ҳ.к.

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномалар фақат электрон шаклда берилади. Бу давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топширилади.

– Интеллектуал мулкнинг ҳимоясини таъминлаш бўйича тасдиқланган «Йўл харитаси»нинг муҳим жиҳатлари нимада?

– “Йўл харитаси”да интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш, техник ва ўқув-методик базани такомиллаштириш ҳамда Бутунжаҳон Интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликни янада кенгайтириш кўзда тутилган.

Интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ушбу соҳадаги умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш Агентликнинг олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш борасида зарур ишлар амалга оширилмоқда. ЖСТнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо жиҳатлари бўйича битими (ТРИПС) талабларини инобатга олган ҳолда имплементация қилиш энг муҳим қадамлардан бўлади.

Бундан ташқари, Товар белгилари бўйича қонунлар тўғрисидаги Сингапур шартномасига, шунингдек, мамлакатда инвестицион муҳитнинг яхшиланишига кўмаклашувчи интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа халқаро шартномаларга қўшилиши масаласи ҳам кун тартибида турибди.

“Йўл харитаси”га мувофиқ, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди қошида ихтисослаштирилган Патент суди ташкил этилиши мумкин. Интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш ҳуқуқи адлия органларига тақдим этилиши ҳам назарда тутилган.

– Интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш бўйича қандай таъсирчан чоралар кўрилади?

– Қарорга мувофиқ, Агентлик Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан биргаликда интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш билан бирга, бундай ҳолатларни аниқлаб, улар юзасидан тегишли чораларни кўради.

Мазкур жараёнлар интеллектуал мулк ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиради. Тадбиркорлик фаолиятини ҳалол рақобат асосида ривожлантириш ҳамда ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминланиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаради.


ЎзА мухбири Норгул АБДУРАИМОВА суҳбатлашди
9 484