ЎзА Ўзбек

30.09.2016 19:12 Чоп этиш версияси

Инновацион қуёш энергетикасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари

Бухорода “Фотовольтаика соҳасидаги сўнгги ютуқлар: эгилувчан ва юпқа плёнкали қуёш батареялари учун илғор материаллар ва қурилмалар” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди.

Тошкентдаги Турин политехника университети ва Ўзбекистон Физика жамияти томонидан қатор илмий муассасалар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда қайта тикланадиган ҳамда қуёш энергетикасининг энг сўнгги ютуқларини амалда қўллаш соҳаси билан шуғулланаётган дунёнинг таниқли олим ва мутахассислари иштирок этди.

Анжуманда Ясухико Хаяши (Япония), Ёнфанг Ли (Хитой), Карстен Дайбел (Германия), Гари Ходес (Исроил), Санли Ли Сок (Жанубий Корея), Рамзан Уллаҳ (Покистон), Даврон Матрасулов, Неъмат Ашуров (Ўзбекистон) ҳамда бошқа олим ва мутахассисларнинг маърузалари тингланди.

Жаҳонда электр энергиясининг асосий манбаси ҳисобланган углеводород ресурслари захираси камайиб бораётгани, улардан фойдаланиш жараёнида атмосферанинг карбонат ангидрид гази ва бошқа заҳарли моддалар билан ифлосланиши, иқлимнинг глобал ўзгаришлари инсоният олдига ишлаб чиқаришда қайта тикланадиган, экологик хавфсиз ва таннархи арзон муқобил энергия манбаларига ўтиш вазифасини кўндаланг қўймоқда.

Қуёш иссиқлик энергиясини электр энергиясига айлантириш имконини берадиган ёки фан тилида фотовольтаика деб аталувчи соҳасидан фойдаланишга асосланган энергетика ана шундай талабларга тўла мос келади.

Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистон қуёш энергиясидан юқори даражада фойдаланиш учун қулай ҳудуд ҳисобланади. Юртимизда қуёшли кунлар йилига ўртача ўн ойдан кўпроқ бўлгани боис осмон мўъжизавий ёритқичи энергиясини электр энергиясига айлантириш имконияти юқори.

Экспертларнинг таъкидлашича, айни пайтда дунёда истеъмол қилинаётган электр энергиясининг 25-30 фоизини қуёш энергиясидан фойдаланиш ёрдамида ишлаб чиқариш атмосфера ҳавосига чиқариб юбориладиган йиллик карбонат ангидрид гази миқдорини тахминан 23 миллиард тоннага камайтириш, иссиқлик электрстанцияларининг иқлим ўзгаришларига сабаб бўладиган зарарли улушини қисқартириш имконини беради. Шунинг учун кейинги 20 йилда дунёда қуёш энергиясига қизиқиш ошди. Агар 1985 йилда унинг қуввати 21 мегаваттни ташкил этган бўлса, 2008 йилда бу кўрсаткич 2000 мегаваттга, 2015 йили эса 17000 мегаваттга етди. Мутахассисларнинг тахминича, асримизнинг ўрталарига бориб, жами электр энергияси ишлаб чиқаришида унинг салмоғи 25 фоизни ташкил этади. Албатта, бу каби улкан мақсадга эришиш анъанавий энергия манбалари билан рақобатлашиш имконини берувчи қуёш элементларини яратишни тақозо этади.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти ташаббуси билан 2013 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Осиё қуёш энергияси форумида қайта тикланадиган муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш долзарблиги таъкидланган эди. Нанофизика ва нанотехнологиялар орқали юзага келиши мумкин бўлган асосий юксак тараққиёт энергетика соҳасида кутилаётир. Яқин келажакда фотовольтаиканинг кенг кўламда қўлланилиши углеводород, айниқса, нефть ва газга асосланган манбаларнинг сиқиб чиқарилишига олиб келади. Дунёда дастлаб кремнийга асосланган қуёш батереялари ишлаб чиқарилди. Улар бугун кенг қўлланилаётир. Аммо бугун улардан самарали бўлган полимерлар ва учинчи авлод, деб номланган неоорганик, яъни перовскит ва полимер наноматериаллар асосидаги қуёш элементлари устида иш олиб борилмоқда. Бу элементлар самарадорлиги, яъни фойдали иш коэффициенти 45 фоизгача бўлиши кутилмоқда.

Анжуманда перовскит ва бошқа илғор инновацион материалларга асосланган қуёш элементлари масалалари кенг муҳокама этилди.

– Мамлакатимизда юқори самарадорликка эга бўлган қуёш элементлари, уларнинг ташқи таъсирларга, яъни радиация ва кимёвий деградацияга нисбатан турғунлигини ошириш, юқорида тилга олинган материаллар нанозарраларининг жойлашишини керакли шаклга олиб келиш орқали мазкур элементларнинг фойдали иш коэффициентини ошириш ҳамда эгилувчан хусусиятларини мақбуллаштириш устида тадқиқотлар олиб борилаётир, – дейди Тошкентдаги Турин политехника университети профессори, Ўзбекистон Физика жамияти раиси Даврон Матрасулов. – Бу борада Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугунги анжуманнинг аҳамияти жуда долзарб. Биринчидан, унда мамлакатимиз олимлари ва уларнинг хорижий ҳамкасблари кун тартибидаги масала бўйича илмий ишларни амалга ошириш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш борасида ўзаро фикр алмашгани ғоят фойдали бўлди. Иккинчидан, тадбирда талабалар, илмий изланувчилар, ёш олимлар ҳам иштирок этиб, мамлакатимизда энергетика соҳасининг долзарб масалалари муҳокамасида қатнашди.

– Ўзбекистон қуёш энергиясидан самарали фойдаланишда табиий-жуғрофий имконияти юқори бўлган мамлакатдир, – дейди Япониянинг Окаяма университети профессори Ясухико Хаяши. – Бу ресурсларни қўллаш бўйича олимларингиз олиб бораётган изланишлардан хабардорман. Халқаро ҳамкорлик Ўзбекистонда учинчи авлод, яъни перовскит материалларга асосланган қуёш батереяларини яратиш ва амалиётда қўллашга ёрдам беради.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
14 030