Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.11.2012 16:11 Чоп этиш версияси

Илғор технологиялар – амалиётга

Термиз давлат университетида “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари педагог кадрлари учун таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш” мавзуида семинар-тренинг ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган машғулотларда вилоятдаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари директорлари ҳамда ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодга замонавий билим ва тарбия бериш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан экани алоҳида таъкидланди. Юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар барча билим масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълимни сифат ва мазмун жиҳатидан янги, янада юқори босқичга кўтариш имконини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 28 майда қабул қилинган “Малакали педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини шундай кадрлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган 116 касб-ҳунар коллежи ва беш академик лицейда 139 минг нафардан ортиқ ўқувчи 107 йўналиш бўйича касб эгалламоқда. Уларга 9 минг нафарга яқин педагог кадрлар таълим-тарбия бермоқда. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари замонавий ўқув жиҳозлари, компьютер технологиялари билан таъминланган. Бироқ илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини таълим жараёнига кенг татбиқ этишда камчиликлар ҳам йўқ эмас.

– Семинар-тренинг машғулотларини ўтказиш учун мамлакатимиздаги энг нуфузли олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари жалб этилди, – дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Пардабой Орамиддинов. – Барча машғулот замонавий усулда ташкил этилаётгани педагог кадрларимиз фаолиятини тубдан яхшилаш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


ЎзА, Х. Маматрайимов
8 728