ЎзА Ўзбек

16.03.2016 17:39 Чоп этиш версияси

Илмий тадқиқотлар такомиллашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан олий таълим тизимида илмий-педагог кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Шодмонов, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Б.Усмонов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 24 июлдаги «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, диссертация тадқиқотларининг сифатини, илмий ва амалий аҳамиятини оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Айни пайтда илмий даражалар бериш бўйича амалдаги ихтисослашган кенгашлар чуқур таҳлил қилиниб, фан йўналишлари ва ихтисосликларнинг янги рўйхатини ҳисобга олган ҳолда етакчи олий таълим даргоҳлари ва илмий тадқиқот институтлари ҳузурида тегишли фан йўналишлари бўйича фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгашлар тузилган. Бугунги кунда мамлакатимиздаги олий таълим даргоҳларида 925 нафар катта илмий ходим- изланувчи докторлик диссертацияси бўйича илмий тадқиқот ишини олиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 12 июндаги «Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони тизим ходимлари салоҳиятини оширишга асос бўлмоқда. Унга мувофиқ олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларини замонавий талаблар асосида мунтазам қайта тайёрлашнинг такомиллаштирилган тизими жорий этилди, бу борадаги малака талаблари, ўқув режалари, дастур ва услублар янгиланди.

Давра суҳбати давомида вазирликлар ва ташкилотлар тасарруфидаги олий таълим масканларида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тартибини такомиллаштириш, кадрларни аттестациядан ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
8 849