ЎзА Ўзбек

23.03.2016 16:48 Чоп этиш версияси

Илмий манбалар – самарали тадқиқотлар асоси

Пойтахтимиздаги Халқаро бизнес марказида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан илмий манбалардан фойдаланиш ва нашр эттириш мавзуида илмий форум ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Фанлар академияси, Олий аттестация комиссияси, Интеллектуал мулк агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда олимлар, ёш тадқиқотчилар, педагоглар, ахборот-кутубхона муассасалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Б.Усмонов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Хўжаев, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси масъул котиби А.Икромов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 24 июлдаги «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони соҳани халқаро талаблар асосида ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Фармонга мувофиқ мамлакатимизда фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилишни назарда тутувчи олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими жорий этилди. Ушбу тизим диссертация тадқиқотлари сифати, илмий ва амалий аҳамиятини ошириш, ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён этишига шароитлар яратишда муҳим омил бўлмоқда.

Олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот институтлари ҳузурида тегишли фан йўналишлари бўйича фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгашлар фаолият кўрсатмоқда.

Докторлик диссертацияси бўйича илмий тадқиқот олиб борувчиларнинг илмий салоҳиятини белгилашда, мақолалар, илмий-технологик ишланмаларининг чоп этилиши муҳим аҳамият касб этади. Ёш олимларимиз бир неча хорижий тилларни, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллагани керакли илмий маълумотлардан тез ва самарали фойдаланишида, тадқиқотлар сифатини оширишда асосий омил бўлмоқда.

Форумда жаҳон илмий-таълим манбалари, электрон маълумотлар базаларидан фойдаланиш, юқори рейтингли илмий журналларда мақолалар нашр эттириш имкониятлари, илмий нашрлар ва докторлик диссертацияларининг сифатини ошириш ҳақида сўз юритилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
8 777