ЎзА Ўзбек

18.11.2016 18:18 Чоп этиш версияси

Тошкентда неврология соҳасига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди

Пойтахтимизда асаб касалликларини барвақт аниқлаш ва даволашнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Ўзбекистон неврологлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олимлари, шифокорлар, ёш тадқиқотчилар ва хорижлик мутахассислар иштирок этди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Л.Тўйчиев ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган изчил ислоҳотлар тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини асрашда юксак самаралар бераётганини таъкидлади. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.

Мамлакатимизда бирламчи тиббий муассасалар фаолиятини такомиллаштириш, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам ҳамда профилактика, диагностика ва даволаш тадбирлари кўламини кенгайтириш, тиббиёт илмини янада ривожлантириш ва унинг ютуқларини амалга изчил татбиқ этишга қаратилаётган эътибор ўз самараларини бераётир.

Тиббиёт амалиётида компьютер томография, допплерография сингари замонавий диагностика воситаларидан самарали фойдаланилаётгани боис, асаб тизими хасталикларини барвақт аниқлаш, тез ва самарали даволаш, ногиронликнинг олдини олиш ва инсон умрини узайтиришда муайян натижаларга эришилмоқда.

– Ўзбекистонда неврология илмини ва бу соҳада кўрсатилаётган тиббий ёрдамни такомиллаштиришга юксак эътибор берилаётганининг гувоҳи бўлдик, – дейди Санкт-Петербург реабилитолог врачлар уюшмаси раиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Виталий Ковальчук. – Юртингизда тиббий реабилитация соҳаси ҳам изчил ривожланмоқда. Бу борада жаҳон тиббиётининг илғор ютуқларини амалда қўллаш учун барча шароит яратилган. Ушбу анжуман ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, илғор услубларни оммалаштириш, инсон саломатлигини асраб-авайлашга хизмат қилади.

Илмий-амалий анжуманда асаб тизими хасталикларининг олдини олиш, ташхис қўйиш, даволаш, беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, жарроҳлик соҳасида қўлланилаётган юксак технологиялардан фойдаланиш самаралари, тиббий реабилитация масалаларига бағишланган маърузалар тингланди. Тадбир доирасида мамлакатимиз олимлари ва хорижлик мутахассислар томонидан Тошкент педиатрия тиббиёт институти бакалавр ва магистр талабалари учун маҳорат дарслари ташкил этилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
8 947