ЎзА Ўзбек

25.04.2019 20:46 Чоп этиш версияси

Илм-фанни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди

Илм-фанни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди

Ички ишлар вазирлиги академиясида “XXI аср илм-фани: муаммо ва истиқбол” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Инновацион ривожланиш, Олий ва ўрта махсус таълим, Адлия вазирликлари, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Бош прокуратура академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси, Божхона институти, Тошкент давлат юридик университети, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ходимлари иштирок этди.

Конференция Президентимизнинг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар асосида илмий-тадқиқот ва ижод билан шуғулланувчи ёшларни бирлаштириш, ёш олимларнинг илмий ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ютуқларини тарғиб қилиш, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашнинг барқарор ривожланишига эришиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон илм-фанини инновацион тараққиёт талаблари даражасида ривожлантириш, бу борада ечимини кутаётган вазифалар, хусусан, илм-фан имижини шакллантириш, фанни бошқариш, диссертациялар сифатини ошириш, тадқиқотчиларнинг илмий тафаккурини юксалтириш, хорижий тилларни, илмий-тадқиқот ўтказишнинг замонавий шакл ва усулларини пухта ўзлаштириш, илмий полемика ва илмий ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, илмий янгиликларни амалиётга татбиқ этиш билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечими хусусида сўз борди.

Шунингдек, мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, ёш олим ва тадқиқотчиларнинг юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш, энг замонавий инновацион ва технологик ғоялар билан фикр алмашадиган илғор ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида мазкур соҳани янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
3 601