Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

28.07.2017 13:16 Чоп этиш версияси

Илм-фан соҳасига замонавий ёндашув

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан илмий мақолаларнинг ёзилиш услуби, уларни нуфузли журналларда чоп этиш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди. Унда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, олимлар, докторантлар, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимиз етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувда бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилаётгани, мазкур соҳани ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан эканини алоҳида таъкидлаган эди.

Қисқа фурсат ичида мамлакатимизда илм-фан соҳасига замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, илмий ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши асосида халқаро нуфузли илмий журналлар ва илмий-таҳлилий маълумотлар базаси – Web of Science тизимига миллий обуна жорий этилди. Эндиликда Clarivate Analytics (АҚШ) компанияси ушбу тизимдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, ёш олимлар ва докторантларга илмий мақолалар тайёрлаш ва уларни юқори импакт-факторга эга бўлган илмий нашрларда чоп этиш тартиб-қоидалари ҳақида семинар-тренинглар ўтказмоқда.

Хўш, Web of Science тизими нима? Юқори импакт-факторли журнал қандай тавсифланади?

– Web of Science тизими олимларимизнинг илмий тадқиқотлари салоҳияти ва рақобатбардошлигини, илғор илмий-техника адабиётлари ва жаҳон маълумотлар базаларидан фойдаланишни таъминлаш, мамлакатимизда илмий ишларни чоп этиш фаоллигини ошириш ҳамда халқаро кооперацияни ривожлантиришга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари О.Парпиев. – Мазкур тизимда 18 мингдан ортиқ журнал, кўплаб илмий мақолалар мавжуд. Эндиликда ушбу тизим орқали тадқиқотчиларимиз дунё олимларининг илмий ишлари билан танишиш имконига эга бўлмоқда. Эътиборлиси, тизимдаги журналларнинг асосий қисми импакт-факторга эга. Яъни бу журналларда чоп этилган илмий мақолалардан тадқиқотчиларнинг фойдаланганлик даражаси юқори ёки доимийдир.

Семинар-тренингда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
5 918






Все о погоде - Pogoda.uz