ЎзА Ўзбек

25.01.2019 07:29 Чоп этиш версияси

Қибрайда “Олимлар шаҳарчаси“ қурилади

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 60 гектар майдонда “Олимлар шаҳарчаси” барпо этилади. Мазкур шаҳарчага Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари жойлаштирилади.

Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳукумат қарори муҳокама учун меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, “Олимлар шаҳарчаси” инвесторлар ҳисобидан қурилади. Инвесторларга Фанлар академияси Тошкентда бўшатган бинолар мулк сифатида хатлаб берилади. “Олимлар шаҳарчаси”га пойтахтдан жами ўнта илмий-тадқиқот институти кўчирилади.

Ўтган йилнинг июлида Президент Шавкат Мирзиёев жуғрофий жиҳатдан Қибрай туманида, маъмурий жиҳатдан пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Улуғбек посёлкасида “Олимлар шаҳарчаси”ни барпо этиш юзасидан бош планни ишлаб чиқишга кўрсатма берган эди.

Бугунги кунда бу посёлкада Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти жойлашган. Яқин кунларда бу ерга Москва муҳандислик-физика институти филиали ҳам кўчиб ўтади.



ЎзА
7 829