ЎзА Ўзбек

25.11.2016 16:43 Чоп этиш версияси

Фан ютуқлари – саломатлик омили

Пойтахтимизда ички касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олимлари, ёш тадқиқотчилар ҳамда Россия, Беларусь, Украина ва бошқа давлатлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Л.Тўйчиев, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази директори А.Алавий ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган туб ислоҳотлар тиббий хизматни жаҳон андозалари даражасига олиб чиқиш ва халқимизнинг замонавий тиббий ёрдамдан фойдаланиш даражасини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида бу борада белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилаётгани тиббий хизмат сифатини янада оширмоқда.

Мамлакатимизда аҳолига терапия соҳасида замонавий андозалар даражасида тиббий-профилактика, диагностика ва даволаш ёрдами кўрсатиш борасида самарали тизим яратилган. Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти йўлга қўйилиши тиббий ёрдам кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилаётир.

Ўз йўналиши бўйича етакчи даволаш-профилактика ва илм-фан муассасаларидан бири бўлган мазкур марказда диагностика ва даволаш ишлари билан бир қаторда ўнга яқин давлат гранти асосида илм-фаннинг долзарб масалаларига оид тадқиқотлар амалга оширилаётир. Бунинг натижасида ички касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича бир қатор янгиликлар амалиётга татбиқ этилди.

Асаб касалликларини барвақт аниқлашга йўналтирилган электронейромиография, юрак-қон томир касалликларини даволашнинг янгича усуллари – коронар артериялар ангиопластикаси ва стентлаш амалиёти бунга мисолдир. Шундай операцияларни ўтказиш мақсадида бу ерда интервенцион кардиология бўлими ташкил этилди. Операция хоналари янги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Тиббиётимиз эришаётган бундай муҳим ютуқларни ҳудудий тиббиёт муассасаларида ҳам амалиётга татбиқ этиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида жойларда тўрт юздан ортиқ семинар-тренинг, маҳорат дарслари ташкил этилди. Ушбу тадбирлар доирасида эллик мингдан ортиқ беморга маслаҳат-ташхис ёрдами кўрсатилди.

Илмий-амалий анжуманда ички касалликларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш, даволаш борасида мамлакатимиз тиббиёти ютуқлари ва халқаро амалиёт, мазкур соҳага кириб келаётган янги технологиялар, дори-дармонлардан фойдаланиш самараларига оид маърузалар тингланди. Мамлакатимиз олимлари ва хорижлик мутахассислар томонидан шифокорлар ва ёш тадқиқотчилар учун терапия ва тиббий реабилитациянинг муҳим масалалари бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
9 686