Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

16.08.2018 20:37 Чоп этиш версияси

“Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасига жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билдирилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги фармонига мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «илмий ва инновацион фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш принциплари ва қўллаб-қувватлаш шаклларини, шунингдек, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш»ни белгиловчи Ўзбекистон Республикасининг «Фан тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. 2018 йилнинг I чорагида ушбу лойиҳага www.regulation.gov.uz веб-сайтида фуқаролар томонидан 2210 та изоҳ қолдирилган. Фойдаланувчилар томонидан билдирилган бундай юқори қизиқиш туфайли қонун лойиҳаси норматив ҳужжатлар рўйхатида бу кўрсаткич бўйича етакчи ўринни эгаллади.
Айтиш жоизки, бугунги кунда фан соҳасида ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, илмий тадқиқотларни амалга ошириш, истиқболли илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш бўйича ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари: (АҚШ, Германия, Франция, Жанубий Корея, Сингапур, Япония) ва МДҲ давлатларида эса бундай қонунлар илм-фан, иқтисодиёт ва жамият ривожининг ҳуқуқий асосига айланган. 
Қонун лойиҳасида фан соҳасига оид бир қатор янгиликлар назарда тутилган бўлиб, унинг қабул қилиниши натижасида илмий ва илмий-техникавий фаолиятни тартибга солиш ва бошқаришнинг ягона, изчил механизми яратилади. Соҳани молиялаштириш тизимининг янги шакл ва услублари (тўғридан-тўғри молиялаш, кредитлаш, жамғармалар орқали ва қонунга зид бўлмаган бошқа шакл ва услублар) орқали илмий ва илмий-техникавий фаолият янада такомиллаштирилади, шунингдек, илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларининг ҳуқуқий муҳофазаси кабилар таъминланади. 
Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати маълумотида қайд этилишича қонун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва унинг ҳузуридаги илмий-тадқиқот институтлари, вазирлик ва идоралар, Юқори технологиялар маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва олий таълим муассасаларида 100 дан ортиқ муҳокамалар ташкил қилинган. Манфаатдор вазирлик ва идораларнинг таклиф ва эътирозлари инобатга олиниб, тегишли тузатишлар киритган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.

Н. Тошпўлатова, ЎзА