ЎзА Ўзбек

21.12.2015 14:51 Чоп этиш версияси

Этник ривожланишнинг муҳим жиҳатлари

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтида Ўзбекистон этнологиясининг долзарб масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди.

Институт директори Р.Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий ўзликни англаш, маънавиятимизни юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, тарихимизга ҳурмат-эҳтиром руҳида вояга етказиш, эзгу қадриятларимизнинг бардавомлигини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Ўзбек халқининг этногенези қадимий илдизларга эга. Халқимиз этнологиясига оид тадқиқотлар натижалари аждодларимизнинг бой тафаккури, келажакка бўлган интилиши, орзу-умидлари, ўзига хос турмуш тарзини кўрсатади. Фарғона водийсидаги Селунғур ва Сурхондарё вилоятидаги Тешиктош манзилларидан топилган манбалар мазкур ҳудудлардаги инсонларнинг яшаш тарзи, маданий ривожланиши, ирқий ва этник унсурларнинг жуда қадимийлигини ифодалайди.

Археологик изланишлар халқларнинг пайдо бўлиши, ҳамкорлигини кўрсатади. Бу уларнинг этник хусусиятларини аниқлаш, ташкил топиши ва тараққий этиши каби жиҳатларни белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Конференцияда мутахассислар бу борадаги тадқиқотлар натижалари, этник, маданий ривожланиш босқичлари хусусида қизиқарли манбаларни тақдим этди.

– Этник ривожланиш демографик хусусиятлар билан чамбарчас боғлиқ, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, тарих фанлари номзоди Турсун Салимов. – Қадимда одамлар қайси ҳудудда ҳунармандлик, деҳқончилик, чорвачилик ва бошқа фаолият билан шуғулланса, ўша ҳудудда турмуш тарзи, этник таркибига кўра ривожланиш, бирлашиш кузатилган. Айни шу асосда анъаналар, маънавий ва ижтимоий маданиятлар юзага келган. Буни мунтазам ўрганиб бориш, келажак авлодларга етказиш уларнинг ўз миллий фазилатларини англашига хизмат қилади.

Анжуманда Ўзбекистон этнологияси, маданияти, халқ тарихи ва унинг ривожланиш босқичлари, этнографик гуруҳлар, аҳолининг жойлашуви тарихи, шаҳар антропологияси, ўзбек менталитети, деҳқончилик маросимларининг этноҳудудий хусусиятлари каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
33 362