ЎзА Ўзбек

27.12.2012 20:42 Чоп этиш версияси

Энг яхши инновацион лойиҳалар

Ёшлар ижод саройида “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети ҳамкорлигида “Инновацион лойиҳалар” танлови якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида илм-фан ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида ёш олим ва тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда ва амалиётга татбиқ этилмоқда.

Жорий йилда илк марта ўтказилган “Инновацион лойиҳалар” танловидан кўзланган асосий мақсад ҳам 30 ёшгача бўлган ёш олим ва тадқиқотчилар, магистрларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдан иборатдир.

Танловга олий таълим масканлари, илмий марказлар, қўмита ва агентликларда изланиш олиб бораётган 150 нафардан ортиқ ёш олимнинг қишлоқ хўжалиги, ирригация, тупроқшунослик, биотехнологиялар, дастурий таъминот, илғор педагогик технологиялар, ерости ресурслари ва минерал бойликларни қайта ишлашга оид инновацион лойиҳалари тақдим этилди. 11 муаллифлик иши ғолиб деб топилди.

– Ушбу танловда уруғсиз анор навини етиштиришга оид лойиҳам билан иштирок этдим, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети биология факультети магистранти Алишер Сафаров. – Бундай нав шўрланган ерларда бемалол етиштирилиши, серҳосиллиги, эрта пишарлиги билан ажралиб туради. Экспортбоп бу мевадан тўқсон фоизгача шарбат олиш мумкин.
Тадбирда “Инновацион лойиҳалар” танлови ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.


ЎзА, Назокат Усмонова
7 578