ЎзА Ўзбек

22.10.2012 18:12 Чоп этиш версияси

Дипломлар топширилди

Пойтахтимиздаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида бакалавр ва магистрларга дипломларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Сингапур менежментни ривожлантириш институти ректори Ф.Ризаев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда барча замонавий талабларга жавоб берадиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонда ўз йўналиши бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган етакчи хорижий университетларнинг қатор филиаллари самарали фаолият кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 5 сентябрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган Сингапур менежментни ривожлантириш институти шулардан биридир.

Мазкур олий ўқув юрти илк талабаларни 2008 йилда қабул қилган эди. Бу ерда замонавий иқтисодиёт ва саноат соҳаси мутахассислари тайёрланмоқда. Таълим дастури талабаларнинг тадбиркорлик, менежмент, бизнес, маркетинг, саноат менежменти, банк иши, молия, халқаро туризм ва меҳмонхона менежменти каби йўналишларда ҳар томонлама чуқур билим олишига йўналтирилган.

Таълим жараёни Сингапурдаги бош университетда қабул қилинган принциплар, таълим стандартлари, ўқув жадвали ва дастурларига мувофиқ олиб борилади.

Мазкур институтни тамомлаган 160 нафар битирувчига дипломлар халқаро стандартлар ва академик қонунларга амал қилган ҳолда топширилди.


ЎзА, Адҳамбек Рашидбеков
10 978