ЎзА Ўзбек

04.12.2012 20:27 Чоп этиш версияси

Дарсликлар мазмуни ва таълим сифати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва босма маҳсулотларнинг сифатини яхшилаш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда депутатлар, олимлар, таълим, нашриёт-матбаа соҳаси раҳбарлари, ўқитувчилар, услубчилар ва маънавият тарғиботчилари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Маматов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим сифати, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари мазмунини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Бу борадаги барча қарор ва дастурлар амалиётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 августда қабул қилинган “Истеъмол бозорини ёзув дафтарлари билан таъминлашни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Республика таълим маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Республика Маънавият тарғибот маркази ва бошқа тегишли ташкилотлар мутахассисларидан иборат доимий ишчи гуруҳи дафтарлар қоғозининг сифати, шунингдек, муқоваларини миллий маънавиятимизга мос тарзда безаш ва уларни ишлаб чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Айни пайтда ёшлар руҳияти, дунёқараши ва маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи, сифатсиз ёзув дафтарлари юртимиз ҳудудига кириб келиши ва сотилишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 31 май куни қабул қилинган “Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ўқув адабиётлари ва қўлланмаларининг сифатини янада юксалтириш, таълим даргоҳларини дарсликлар билан таъминлашнинг самарали механизмини яратишга хизмат қилмоқда.

Давра суҳбатида ёзув дафтарларини ишлаб чиқариш, дарсликларни янада такомиллаштиришга оид амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.


ЎзА, Назокат Усмонова
8 039