Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.12.2013 18:48 Чоп этиш версияси

Чет тилларни ўқитиш такомиллашмоқда

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёш авлодни чет тилларга ўқитиш тизимини сифат ва мазмун жиҳатдан тобора юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида мазкур қарор ижроси юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар бераётган самараларни янада оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази мутахассислари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари Б.Усмонов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Ш.Қаюмов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларнинг юксак маънавият, билим ва тафаккур соҳиби бўлиб вояга етиши масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг номи қайд этилган қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида хорижий экспертлар билан ҳамкорликда чет тиллар бўйича узлуксиз таълим тизимининг давлат таълим стандартларини такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Мамлакатимиз олий ўқув юртларининг етакчи олимлари, хорижлик мутахассислар иштирокида инглиз, немис, француз, испан тиллари бўйича дарсликлар яратишга оид муаллифлар гуруҳи шакллантирилиб, ўқув адабиётларини тайёрлаш ва нашр эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Талабалар учун инглиз тили бўйича дарсликлар янгича шакл ва мазмунда, замонавий аудио-видео материаллари билан ишлаб чиқилмоқда. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълимнинг бакалавриат ва магистратура босқичи учун такомиллаштирилган дарсликлар яратилди. Мазкур университет ҳамда 18 турдош олий ўқув юртининг экспериментал гуруҳларида инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича изчил ишлар бажарилмоқда.

Шунингдек, инглиз, немис, француз ва испан тиллари бўйича тренерлар тайёрлаш курслари ташкил этилиб, таълим тизмининг барча бўғинлари учун мураббийлар тайёрланди.

Йиғилишда хорижий тилларни ўқитишнинг илғор усул ва технологияларини амалиётга жорий этишга оид масалалар юзасидан атрофлича фикр аламашилди.


ЎзА, Назокат Усмонова
8 361