Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.08.2017 20:48 Чоп этиш версияси

Буюк аждодларнинг муносиб давомчилари

Янги мингйилликда илм-фан, интеллектуал салоҳият тараққиёт мезонига айланиб, тобора юксак босқичга чиқмоқда. Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотларни ҳаётга татбиқ этиш борасида яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилаётир. Математик олимларимиз олиб бораётган илмий изланишлар, эришилаётган ютуқлар бунинг ёрқин далилидир.

Аниқ мантиқий мушоҳадаларга асосланадиган математика фани барча соҳаларга бевосита ёки билвосита дахлдордир. Бу фаннинг тараққий топиши Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек сингари буюк аждодларимиз номи ва фаолияти билан боғлиқ эканини бутун дунё олимлари эътироф этади.

Юртимиз олимлари изланишларига назар ташласак, бобокалонларимиз даҳоси бугунги авлодлар қонида ҳам оқаётганига гувоҳ бўламиз. Т.Саримсоқов, С.Сирожиддинов, М.Салоҳиддинов сингари атоқли академикларнинг математика соҳасида яратган илмий мактаблари муваффақиятли давом эттирилиб, математиканинг янги қирралари кашф этилмоқда. Соҳанинг энг устувор йўналишлари бўйича олиб бораётган илмий изланишлари билан юртимиз олимлари дунё миқёсидаги кашфиётларга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида»ги фармони билан таниқли математик олимларимиздан академик Шавкат Аюпов, физика-математика фанлари докторлари Каримберген Кудайбергенов, Баҳром Омиров ҳамда Ўткир Розиқов “Ноассоциатив алгебралар, дифференциаллаш ва ночизиқли динамик системалар назарияларини ривожлантириш” фундаментал тадқиқоти учун биринчи даражали давлат мукофоти билан тақдирланиши математика фанининг равнақи йўлида изланаётган илм-фан намояндалари доимий эътиборда эканидан далолат беради.

Кейинги йилларда илм-фан соҳасида олимларимизнинг халқаро алоқалари, ривожланган мамлакатлар тадқиқотчилари билан ҳамкорлиги кенг ривожланди. Айни пайтда математик олимларимиз изланишлари учун ҳам катта имкониятлар очилди. Бугун Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти кутубхонасида соҳага оид юзлаб қимматли китоблар, илмий журналлар мавжуд. Институт олимларининг нуфузли Бонн, Оксфорд, Кэмбридж университетлари билан мунтазам илмий ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Бунинг натижасида ҳар йили ўзбек математикларининг юздан ортиқ илмий мақоласи АҚШ, Германия, Буюк Британия, Италия каби мамлакатлардаги етакчи илмий журналларда чоп этилмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти директори Шавкат Аюпов 2003 йилда Жаҳон фанлар академиясининг (TWAS) ҳақиқий аъзолигига қабул қилингани ҳам мазкур фан йўналишидаги ютуқларимиз сирасидандир. 2015 йилда пойтахтимизда Т.Саримсоқов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилган халқаро анжуман юртимиз математикларининг дунё илм-фанига қўшаётган ҳиссасининг яна бир амалий ифодаси бўлди. Мазкур анжумандаги чиқишидан сўнг Ш.Аюпов Америка Қўшма Штатларининг Калифорния университетига дарс беришга таклиф қилинди.

Ш.Аюпов ҳамда унинг издошлари фундаментал тадқиқоти дунё олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Бугунги кунда Испаниянинг Севилья, Малайзиянинг Куала-Лумпур, АҚШнинг Беркли шаҳарларида мазкур мактабнинг ўзига хос бўлинмалари вужудга келгани, Хитой, Жанубий Корея, Франция илмий марказлари олимларимиз изланишларини ўрганаётгани фикримиз далилидир.

Юртимиз математикларининг жаҳон миқёсида юксак ўринга эга бўлаётгани наинки мамлакатимиз, балки кўплаб хорижлик ёш изланувчиларнинг ҳам эътиборини жалб этмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институтида АҚШлик 9 талаба алгебра фани асосчиларининг муносиб давомчилари – Ш.Аюпов, К.Кудайбергенов, Б.Омиров ҳамда Ў.Розиқовнинг илмий изланишларини ўрганмоқда.

Мухтасар айтганда, юртимиз олимлари меҳнатининг юксак эътирофи уларни янада катта иштиёқ билан изланишга, дунё илм-фанида юқори чўққиларини забт этишга чорлайди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
3 713






Все о погоде - Pogoda.uz