ЎзА Ўзбек

24.10.2017 18:54 Чоп этиш версияси

Бухорода “Марказий Осиёда ночизиқли динамика кунлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

Тошкентдаги Турин политехника университети ва Ўзбекистон физика жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз ва хорижлик олимлар, соҳа мутахассислари иштирок этди.

– Кейинги йилларда физика фани тобора ривожланиб, янги-янги ихтиролар кашф этилмоқда, – дейди Ўзбекистон физика жамияти раиси, физика-математика фанлари доктори, профессор Д.Матрасулов. – Ушбу фаннинг мураккаб тизимлар физикаси ва ночизиқли динамика деб аталувчи йўналишларининг замонавий усуллари нафақат табиий фанлар, балки иқтисодий, ижтимоий фанлар, экология, эпидемиология каби қатор соҳаларга самарали татбиқ этилмоқда. Масалан, мураккаб тизимлар физикасини ўрганиш назарий методлари сейсмология, табиий офат, яъни ҳалокатлар назарияси, геология, социология, тиббиёт сингари соҳалардаги муаммоларни ҳал этишда қўл келаётир. Ишлаб чиқилган янги усуллар, айниқса, зилзила ва техноген ҳодисаларни модуллаштиришда ижобий натижа бермоқда.

Тадбирда ночизиқли динамика ва тартибсизлик (чалкашлик) назарияси, беқарор, яъни ўзгарувчан статистик физика, мураккаб тармоқлар ва нейродинамика, мураккаб атмосфера ҳодисалари каби долзарб муаммолар муҳокама қилиниши асносида ўзаро тажриба алмашилди, тавсия ва таклифлар ўртага ташланди.

Конференцияда мамлакатимизнинг бир қатор ёш олимлари ўз тадқиқотлари тақдимотини ўтказди. Бу уларнинг назарий билимини оширишга, илмий қарашларини мантиқий асослаш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
12 433