ЎзА Ўзбек

13.12.2013 11:42 Чоп этиш версияси

Битирувчилар учун семинар

Сурхондарё вилоятида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун семинар машғулотлари бўлиб ўтмоқда.

Вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Марказий банк вилоят бош бошқармалари, Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирларда мамлакатимизда касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган йигит-қизларни молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Музработ ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган семинарда ҳам битирувчиларга бу борада яратилган кенг имконият ва имтиёзлар тушунтирилди. Тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳужжатларни расмийлаштириш, тижорат банкларидан кредит олиш тартиб-таомиллари тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилди.

– Семинарда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор мутахассислар томонидан мисоллар билан тушунтирилгани битирувчи ёшларда катта қизиқиш уйғотди, – дейди касб-ҳунар коллежи директорининг ўринбосари Илҳом Норматов. – 2014 йили таълим муассасамизни тўрт йўналиш бўйича 307 йигит-қиз битиради. Мазкур тадбир сервис ва хизмат кўрсатиш, оилавий бизнес, чорвачилик каби соҳаларда фаолият юритиш истагидаги битирувчиларимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлади.

Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини 2013 йилда 110 йўналишда 43 мингдан ортиқ ёш битирди. Ҳозиргача тижорат банклари томонидан 791 битирувчига ўз бизнесини йўлга қўйиши учун қарийб 5 миллиард 700 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. 2014 йилда вилоятда коллежларни 115 касб йўналиши бўйича 45 мингдан ортиқ йигит-қиз битиради. Бу мақсадда ажратиладиган маблағ миқдори ҳам сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.


ЎзА, Х.Маматрайимов
6 182