Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2017 18:39 Чоп этиш версияси

Ҳиндистонда ўтган халқаро математика мусобақасида ўзбекистонлик ўқувчилар иккинчи ўринни эгаллади

Ҳиндистонда ўтган халқаро математика мусобақасида ўзбекистонлик ўқувчилар иккинчи ўринни эгаллади Шу йилнинг 25-31 июль кунлари Ҳиндистоннинг Лакҳнау шаҳрида бўлиб ўтган халқаро математика мусобақасида ўзбекистонлик ўқувчилар иккита олтин, иккита кумуш медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринга сазовор бўлди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ёш математикларимиз педагоглар, ота-оналар, таълим тизими мутасаддилари томонидан тантанали кутиб олинди.

Мамлакатимизда ёш авлодга пухта билим бериш, уларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини юзага чиқаришга яқиндан кўмаклашиш, ўқитиш тизимининг барча бўғинларини давр талабига мос тарзда такомиллаштириш юзасидан катта ҳажмдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси ўғил-қизларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва иштиёқи, иқтидорини намоён этиш йўлидаги интилишини орттиришда асосий омил бўлмоқда.

Ҳиндистонда бўлиб ўтган халқаро математика мусобақасида жаҳоннинг 41 давлатидан ёш математиклар қатнашган. Мазкур интеллектуал беллашувда тўртинчи марта иштирок этган Ўзбекистон жамоаси жорий йилда 2 олтин медални қўлга киритишга муяссар бўлди. Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчилари Дониёр Исмоилов ҳамда Севарахон Остонова якка тартибдаги баҳсларда ўз билим ва иқтидорини намоён этиб, олтин медални қўлга киритди. Ушбу ўқув даргоҳининг 7-синф ўқувчиси Олимжон Олимов ҳамда 8-синф ўқувчиси Исмоил Пўлатов яккалик баҳсларида кумуш медалга сазовор бўлди.

Заковат мусобақасида ёш математикларимиз комбинаторика, алгебра, геометрия, рақамлар назарияси йўналишларида мураккаблик тоифасидаги турли масалаларни якка ва жамоавий тарзда ишлаган.

– Мактабимизда 360 нафар ўқувчи таҳсил олади, – дейди Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Шерназар Саломов. – Болалар учун математика дарслари билан бирга гуруҳларда машғулотлар, Олимпиада масалаларига оид тўгараклар фаолияти доимий олиб борилади. Энг асосийси, юртимизда ёшларга кўрсатилаётган эътибор ўқувчиларнинг улкан муваффақиятига асосий омил бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ёш математиклар ўртасида ўтказилган икки босқичли танлов ҳамда энг илғор методикалар асосидаги машғулотлар ўқувчилар билимини янада оширишга, зеҳнини чархлашга хизмат қилди.

– Келажакда етук математик бўлишни орзу қиламан, – дейди Севарахон Остонова. – Юқори натижаларга эришишимда юртимизда биз, ёшларга яратилган шароитлар, меҳрибон устозларим, ота-онам ва яқинларимнинг ғамхўрлиги катта куч бағишлади.

Дарҳақиқат, бугун кўпчилик ҳавас билан боқаётган бу болаларга қараб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
4 062






Все о погоде - Pogoda.uz