Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.12.2013 11:55 Чоп этиш версияси

Ҳар бир бола эътиборда

...Стол устида болалар томонидан оддий нақшлар билан безатилган қовоқлар, ўзига хос тарзда ясалган турли буюмлар тартиб билан жойлаштирилган. Қизлар тикув машинасида неча турда чок тикишни ўрганганини кўрсатса, ўғил болалар қовоқ ва бошқа буюмларга қандай ишлов бериш ҳақида сўзлаб бермоқда.

Албатта, буларни ҳали санъат асари деб бўлмаса-да, ҳар бири меҳр билан тайёрланганини ҳис этиш қийин эмас. Негаки, бу буюмлар энг оддий ҳаракатни ҳам бажариши қийин бўлган имконияти чекланган болалар ижодининг маҳсули. Улар ҳар бир буюмни тайёрлашга ўта масъулият билан ёндашган.

Имконияти чекланган болаларни ўқитиш ва ижтимоий мослаштириш мураккаб жараён бўлиб, унда юқори малакали педагог-дефектологлар иштирок этади. Улар ўғил-қизларнинг ҳар қандай мураккаб тўсиқни енгиб, жамиятда ўз ўрнини топиши, соғлом болалар қаторида таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар ўрганишига ёрдам бераётир.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда имконияти чекланган болаларни тарбиялаш ва мослаштириш тизими ишлаб чиқилган. Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунига мувофиқ ихтисослаштирилган муассасаларда соғлом тенгдошлари сингари ўз ҳуқуқларига эга имконияти чекланган болаларни ўқитиш ва ижтимоий-маданий реабилитация қилишга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Пойтахтимиздаги 87-ихтисослаштирилган ёрдамчи мактаб имконияти чеклаган болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши, билим ва кўникмага эга бўлиши учун барча шароитлар яратилган муассасалардан бири.

– Ҳар бир бола ўзига хос, характери бир-бирига ўхшамайди, – дейди мактаб директори Гулираъно Азимова. – Баъзан бундай болаларнинг ишончини қозониш, дардини тинглаш ва улар ўзини жамиятимизнинг бир бўлаги деб ҳис қилишига эришиш ниҳоятда қийин.

Мактабда 184 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олади ва уларнинг ҳар бирига алоҳида ёндашув талаб этилади. Педагоглар болаларга ўз фарзандидек муносабатда бўлади. Таълим-тарбия ва ижтимоий-маданий мослашув бўйича махсус тизим ишлаб чиқилган, ўқув дастури эса анча соддалаштирилган.

Соғлом бола ҳеч қандай қийинчиликсиз бажара оладиган оддий ҳаракат ҳам имконияти чекланган аксарият ўғил-қизлар учун кўпинча мураккаб тўсиққа айланади. Шу боис мактабда жорий этилган махсус фанлар уларга турли қийинчиликларни енгиш, ўз фикрини билдириш ва бошқалар билан мулоқот қилишига ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, улар ўзи учун касб танлашни, турли ҳужжатларни мустақил тўлдиришни, фуқаро сифатида эса ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўрганмоқда. Айниқса, меҳнат дарсига алоҳида эътибор қаратилмоқдаки, бунда болалар тикувчилик, ошпазлик ёки дурадгорлик сирларини ўзлаштиради.

Мактабда енгил атлетика, кикбоксинг, компьютер графикаси, инглиз тили, ҳунармандчилик каби 28 секция ва тўгарак ишлаб турибди.

– Тўгарагимизда болаларга амалий кўникмалар ўргатилади, – дейди «Моҳир ҳунарманд» тўгараги раҳбари Дмитрий Сорокин. – Боланинг эътиборини жалб қилиш, дарсларни қизиқарли ташкил этиш биз учун жуда муҳим. Шундагина бола янгиликларни ўрганишга ҳаракат қилади, кейинги дарсни интиқлиқ билан кутади. Ҳар бир болага алоҳида ёндашиш ўз самарасини бераётир. Бу борада бизга турли жамоат ташкилотлари яқиндан кўмаклашмоқда.

Имконияти чеклаган болалар учун ихтисослаштирилган мазкур мактабда йўлга қўйилган ўқитиш усули, ходимларнинг болаларга нисбатан дўстона муносабати ўғил-қизларга мустақил ва самимий бўлиш, келгусида уларнинг жамиятимиз тенг ҳуқуқли аъзосига айланишига кўмаклашмоқда.


ЎзА, Роман Бондарчук
6 106