ЎзА Ўзбек

09.11.2016 17:57 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда аниқ ва табиий фанларни ўқитишнинг долзарб масалаларига бағишланган форум бўлиб ўтди

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 2014 йил май ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро илмий конференцияда жаҳон тамаддуни, илм-фани ривожида етакчи ўрин тутган буюк алломаларимизнинг бебаҳо меросини пухта ўрганиш, бунда аниқ ва табиий фанлар алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаган эди.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган "Аниқ ва табиий фанларни ўқитишнинг замонавий методологияси: долзарб масала ва ечимлар" мавзуидаги форумда айни шу жиҳатларга асосий эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси, Республика таълим маркази ҳамкорлигида ўтказилган форумда таълим соҳаси мутасаддилари, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари ходимлари, олимлар, педагоглар, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.Иноятов, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Ш.Шарипов, Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 5-умумтаълим мактаби директори, Ўзбекистон Қаҳрамони А.Маҳмудова ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган таълим соҳасини ислоҳ этишдаги улкан ижобий ўзгаришлар иқтидорли ўғил-қизлар сафининг тобора кенгайишида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Аниқ ва табиий фанлар ўқувчи-ёшлар билимининг асосий пойдеворини ташкил этиши билан бирга инновацион технологиялар, саноат, ишлаб чиқариш, иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу фанларга умумтаълим мактабларида математика, физика, кимё, биология, география, информатика ўқув предметлари киритилган.

Маърифий ислоҳотлар жараёнида ушбу йўналишдаги фанлар бўйича ўқув дастур ва режаларини янгилаш, ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатдан янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабларни энг сўнгги русумдаги компьютер жиҳозлари, махсус синфхоналар, фан кабинетларига оид замонавий ускуналар, илғор лаборатория жиҳозлари, зарурий ўқув воситалари билан таъминлаш юзасидан салмоқли ишлар бажарилмоқда.

Ўқитувчиларга методик ёрдам кўламини кенгайтириш мақсадида аниқ ва табиий фанлар йўналишида кўплаб маърифий плакатлар, атлас ва хариталар, электрон дарсликлар, виртуал лаборатория ва мураккаб фанларни ўргатиш бўйича илғор тажрибалар асосидаги намунавий видеодарслар яратилиб, жойларга етказилди. Барча ҳудудларда видеоконференция алоқа орқали "Масофавий методик хизмат тизими"нинг йўлга қўйилгани педагоглар билим даражаси, касб маҳоратини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Шу орқали илғор методлар оммалашиб, ўзаро тажриба алмашиш кенг қулоч ёймоқда.

Ўзбекистон ўқувчилари хорижий давлатларда математика, кимё фанлари бўйича ўтказилаётган халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўлаётгани ушбу йўналиш равнақи йўлида давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин самарасидир.

– Дарс жараёнида илғор педагогик, ахборот-коммуникация техологияларидан фойдаланиш билан бирга болаларни фанга қизиқтира олиш муҳим роль ўйнайди, – дейди Тошкент вилояти Бекобод шаҳридаги 16-мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Гулчеҳра Туронова. – Мавзуларни ҳаётий мисоллар, ишлаб чиқариш, саноат корхоналаридаги жараёнлар билан узвий боғлашга, дарсдан ташқари фан тўгараклари ишини янада қизиқарли ва жонли ўтишга интиляпмиз.

Форумда аниқ ва табиий фанлар ўқитилиши самарадорлигининг психологик хусусиятлари, халқаро тажриба ва замонавий тенденциялар, таълимда инновацион технологиялар, ахборот-коммуникация технологияларини самарали жорий этиш каби масалалар муҳокама этилди.

Тадбир доирасида ўқув адабиётлари, электрон дарсликлар, қўшимча маърифий адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчилар Тошкент вилоятидаги "Физика-Қуёш" илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институти ҳамда пойтахтимиздаги Ботаника боғи фаолияти билан танишди.

Назокат Усмонова, ЎзА
17 345