Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.12.2013 16:51 Чоп этиш версияси

Ҳамкорликнинг амалий самаралари

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда илм-фан тараққиётига, хусусан, олий ўқув юртларининг илмий салоҳиятини юксалтириш, тадқиқотчи олимлар учун қулай шарт-шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари, илмий марказларнинг Ўзбекистон Фанлар академияси институтлари билан ҳамкорлиги натижасида фан-таълим йўналишидаги ишлар самарадорлиги, эришилаётган ютуқлар кўлами йилдан-йилга ортиб бораётир. Андижон давлат университети жамоаси ҳам Ўзбекистон Фанлар академиясининг бир қатор илмий-тадқиқот институтлари билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ана шу ҳамкорлик алоқалари ва уларнинг истиқболлари, аҳамияти, олиб борилаётган илмий жараёнлар хусусида Андижон давлат университетининг илмий ишлар бўйича проректори, техника фанлари доктори Райимжон Алиев ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

– Университетимиз жамоаси давлатимиз раҳбарининг соҳа ривожига қаратаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги самарасида илмий-тадқиқот йўналишида муайян натижаларни қўлга киритмоқда. Бунда Ўзбекистон Фанлар академиясининг қатор илмий-тадқиқот институтлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этаётир.

2001 йилдан бошлаб фаолият кўрсатиб келган Фанлар академиясининг “Андижон-Наманган илмий маркази” Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 7 февралдаги қарорига асосан университет таркибига қўшилди. Университетимизда Ўзбекистон Фанлар академияси гранти асосида илмий-тадқиқот ишлари бўйича 4 лойиҳа амалга оширилмоқда.

“Саноат ва коммунал чиқинди сув оқоваларини тозалашнинг янги комплекс тизимини ҳамда чиқиндидан ўғит, ем ва биогаз, қоғоз учун хомашё олиш технологиясини яратиш” лойиҳаси доирасидаги илмий-тадқиқот ишлари айниқса эътиборга молик. Мазкур лойиҳанинг амалиётга татбиқ этилиши қишлоқ хўжалигига катта иқтисодий фойда келтиради.

Фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мос бўлган илмий-тадқиқот ишлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг фундаментал ва амалий тадқиқотлар дастурлари доирасида давлат бюджетидан молиялаштирилмоқда. Профессорлар Сирожиддин Зайнобиддинов, Толибжон Мадумаров, Шоҳида Шаҳобиддинова, доцент Лолахон Қурбонова каби олимлар раҳбарлигидаги физика, биология, ўзбек тили ва бошқа йўналишлардаги илмий лойиҳалар шулар жумласидандир.

Олимларимиз Фанлар академиясининг Плазма ва ион-лазер, Ядро физикаси институтлари лабораторияларида тажриба ва илмий изланиш олиб бораётир. Физика кафедраси негизида “Назарий физика” ва “Лазер физикаси” мутахассисликлари бўйича магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ана шу мутахассисларнинг билим, малака ва тажрибасини янада ошириш мақсадида юқорида зикр этилган институтлардан ташқари “Физика-Қуёш” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Физика-техника ҳамда Астрономия институтлари билан ҳамкорлик шартномалари тузилган.

Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси, Физиология ва биофизика, Ўсимликлар ва ҳайвонлар генофонди, Тарих, Археология ва Шарқшунослик институтлари олимлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган илмий изланишлар юқори самара бермоқда.

Табиатшунослик фанлари ва география факультети профессор-ўқитувчиларининг “Таълим-фан-ишлаб чиқариш” интеграциясини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академиясининг бир қатор институтлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда яратаётган илғор инновация технологияларининг амалиётга татбиқ этилаётгани эътиборга молик. Олимлар томонидан Олтинкўл туманидаги фермер хўжаликлари пахта даласида ферроцен ҳосилалари асосида синтез қилинган янги биостимуляторлар авлоди дала синовидан ўтказилиб, ижобий натижаларга эришилди. Бу борадаги изланишлар давом эттирилмоқда.

Университет олимлари томонидан вилоят синов-сертификатлаш, санитария-эпидемиология назорат маркази, сувоқова корхонаси, табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси лабораторияларида ҳам юқоридаги каби тадқиқот ва изланишлар, тажрибалар олиб борилмоқда. Яқинда университет қошида олий таълим муассасалариаро “Экспериментал биология ва экология” илмий лабораториясининг ташкил этилгани бу борадаги ишларни такомиллаштириш, самарадорлигини янада ошириш ва мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланиш имконини бераётир.


ЎзА, Ф.Убайдуллаев
6 862