ЎзА Ўзбек

11.09.2019 19:29 Тиббиёт

Травматология ва ортопедия хизмати кўрсатишга эҳтиёж ортмоқда

Травматология ва ортопедия хизмати кўрсатишга эҳтиёж ортмоқда

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.

Унда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбарининг “Аҳолига травматология ва ортопедия хизмати кўрсатишнинг холати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган давлат дастурлари, турли чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими ташкил этилди. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизимини янада такомиллаштириш, профилактика ва касалликларни барвақт аниқлаш чораларини кўриш борасида қатор ишлар қилинди.

Жорий йилда марказнинг халқаро стандартларга мос тарзда реконструкция қилинган, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган биноси ишга туширилди. Шунингдек, марказда ҳавони ламинар тозаловчи замонавий операцион блок, энг янги ускуналар билан жиҳозланган реанимация, нурли ва функционал бўлимлар ҳамда марказ клиникасида янги бўлим – қўл ва оёқ панжалари хирургияси бўлими ташкил этилди.

Бундан ташқари, марказ магнит-резонансли томография, компьютер томографияси, вертебро ва нуклеополастика бажариш учун ускуналар, рақамли рентген, рентгенденситометр, ультра товуш текширув аппаратлари, допплерография учун аппаратлар, замонавий биокимёвий анализатор ва бошқалар зарур замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Аҳоли ва ходимларга қулайлик яратиш мақсадида ҳужжат юритишнинг электрон тизими ишга туширилди. Беморларнинг марказ консультатив поликлиникасида онлайн навбат, вилоят марказлари билан видеоконференция ўтказиш учун шароит яратилди. Бугунги кунда марказ тизимидаги врач мутахассисларнинг малака ошириши, тажриба алмашишига, чет элдаги тиббиёт муассасалари билан олиб борилган бошқа ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Марказ раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Мирҳаким Азизовнинг ахборотида қайд этилганидек, 2019 йил 6 ой давомида даволанган 4 минг 31 бемордан 16 фоизида имтиёзли жарроҳлик операцияси ўтказилган. 2019 йилда тиббиёт туризми йўналиши бўйича яқин хориж мамлакатларидан келган 700 га яқин беморга тиббий хизмат кўрсатилган. Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда жойларда тиббий хизмати аҳволини янада яхшилаш, беморларга малакали ёрдам кўрсатиш борасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, марказ мутахассислари мунтазам ҳудудларга чиқиб, жойларда беморларни кўрикдан ўтказмоқда.

Йиғилишда марказ фаолияти билан боғлиқ бир қатор муаммолар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Қайд этилишича, республикадаги травматизм даражаси йил сайин ошмоқда. Бу нафақат юртимиз, балки жаҳон травматизми учун тегишли ҳолатдир. 2013 йил мамлакатимизда ҳар 100 минг аҳолига 3 минг 160,7 шикастланиш рўйхатдан ўтган бўлса, 2018 йил якуни бўйича бу кўрсаткич 3 минг 699,4 тани ташкил этди. Травматизмнинг юқори кўрсаткичлари асосан йирик шаҳарларда яшайдиган, технологик ривожланган ҳудудларда, хусусан, Тошкент шаҳри, Бухоро, Наманган, Андижон, Самарқанд, Хоразм вилоятлари марказларида қайд қилинган.

Айни пайтда травматология ва ортопедия амалиёти учун зарур йўналиш – суяк трансплантологияси масалалари учун қонунчилик базасини яратиш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Йиғилишда соҳада яна бир жиддий муаммо – беморларга эндопротез қўйиш масаласига эътибор қаратилди. Қайд этиш жоизки, бугунги кунда беморларга қўйиладиган эндопротез воситасини сотиб олиш учун ҳаражатлар бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайди. Беморлар ўз ҳисобидан сотиб олиб келган эндопротезлар марказда ўрнатиб берилади. Кўплаб беморлар эндопротезлар ишлаб чиқарилган давлатга қараб, турлича, асосан қиммат эканини билдирмоқда.

Шу муносабат билан, чет эл тажрибасини ўрганган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли, вазирлик ва идоралар билан биргаликда беморларни шу каби бошқа тиббиёт воситалар билан таъминлашда қулайликлар яратишга доир амалий чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш масаласи мамлакатимизда аҳолига травматология ва ортопедия хизматини кўрсатишга ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётган муаммолардан бири бўлмоқда.

Тадбирда ушбу масалалар бўйича тегишли вазирликлар мутахассислари фикр-мулоҳазалари эшитилди. Бу борада мавжуд муаммоларни хал қилиш мақсадида тегишли чоралар кўриш тавсия қилинди. Қўмитанинг аҳолига сифатли травматология ҳамда ортопедия хизмати кўрсатишни кенгайтириш юзасидан қарори қабул қилинди.

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА