ЎзА Ўзбек

09.10.2019 20:43 Тиббиёт

Эзгу ишлар учун ниҳоя йўқ

Эзгу ишлар учун ниҳоя йўқ

Орзиқиб кутилган фарзанд туғма нуқсон билан туғилиши ота-она учун жуда оғир. Нега? Нима учун? Қандай қилиб?.. Бу саволларнинг адоғи йўқ, аммо уларга жавоб топиш унчалик ҳам қийин эмас. Айниқса, норасиданинг ота-онаси бир-бирига яқин қариндош бўлса...

Маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги никоҳларнинг 15 фоизидан кўпроғи яқин қариндошлар ўртасида тузилади. Қон-қариндошлик қанчалик яқин бўлса, носоғлом фарзанд туғилиши хавфи шунчалик юқори. Бола қай ҳолда туғилмасин, у барибир бебаҳо. Аммо қандай аҳволда дунёга келиши кўп жиҳатдан ота-онага боғлиқ.

“Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фондининг “Она ва бола саломатлиги – миллат келажаги ва мамлакат бойлиги” лойиҳасида ана шу ғоя илгари сурилган. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан 2018 йилда давлат ижтимоий буюртмаси шаклида қўллаб-қувватланган. Лойиҳа қандай амалга оширилди? Кутилган натижаларга эришилдими?

Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилишида буларнинг бари сарҳисоб қилинди.

“Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди бўлим бошлиғи Эркин Абдуллаевнинг сўзларига кўра, “Она ва бола саломатлиги – миллат келажаги ва мамлакат бойлиги” лойиҳасида болаликдан ногиронликнинг олдини олиш, туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш, кам таъминланган оилаларда туғма юрак хасталиги билан туғилган болаларни (ногирон бўлган болаларни) даволашга кўмаклашиш мақсад қилинган эди. Бу эзгу ишнинг рўёбига эришилди ҳам. Жумладан, “ЭРА Мед” МЧЖ қўшма корхонаси клиникасида жарроҳлик амалиёти асосида туғма юрак нуқсонига эга 40 нафар бола соғломлаштирилди. Бу унчалик катта рақам эмас, албатта, Лекин ҳар бир бола келажакнинг бир бўлаги, оиланинг қувончи сифатида қаралганда улкан иш, хайрли тадбир. Парламент комиссияси аъзолари ҳам шундай фикр билдирди.

Маълумот берилишича, жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 559,1 миллион сўм ижтимоий буюртма, 166,1 миллион сўм фонд маблағлари сарфланди. Давлат ижтимоий буюртмаси молиявий кўмаги билан туғма юрак нуқсонли болаларни операция қилиш учун 109,4 миллион сўмлик хирургик тикув иплари харид қилинди. 45,2 миллион сўмлик турли дори-дармон воситалари бепул тарқатилди.

Ирсий ва туғма касалликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Эрта никоҳнинг салбий оқибатларини биласизми?”, “Гўдак – бебаҳо неъмат!”, “Қариндошга қиз берманг”, “Тиббий генетик маслаҳат” мавзусида 10 минг дона буклет тайёрланди.

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг давлат ижтимоий буюртмаси танловида ғолиб бўлганлар сафида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши муассислигидаги Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши ҳамда Навоий вилояти “Жонли табиат” биоэкологик маркази бор.

Йиғилишда мазкур “учинчи сектор” вакилларининг ҳам ҳисоботи эшитилди.

“Ёшлар келажаги қонунга риоя этишдан бошланади”. Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши томонидан амалга оширилган ижтимоий буюртма лойиҳаси шундай номланади. Кенгаш лойиҳанинг мавзуси ва мазмунига мос иш тутди: ҳуқуқий тарғибот тадбирларини замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда манзилли олиб борди.

– 2018-2019 йиллар давомида 20 та маҳалла фуқаролар йиғинида “Ҳуқуқий маслаҳатхона” бурчаги ташкил этилди, – деди Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши раиси Баҳром Илҳомжонов. – Аҳолига беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қаратилган yosh_huquqshunoslar@umail.uz электрон манзили ишга туширилди. Ушбу электрон манзилга йўлланган 120 дан ортиқ мурожаатга тегишли тартибда жавоб берилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва кенгаш томонидан олиб борилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида uzyhk.uz сайти, ижтимоий тармоқларда эса Yuridik axborot номли канал ва саҳифа ишга туширилди. “Ёшлар келажаги қонунга риоя қилишдан бошланади” номли оммабоп қўлланма тайёрланиб, 5 минг нусхада чоп этилди ва ёшларга тарқатилди.

Навоий вилояти “Жонли табиат” биоэкологик маркази эса “Бухоро вилояти махсус “Жайрон” питомнигида экологик тарбия ва унинг фаолиятини тарғибот ҳамда ташвиқот қилишга янгича инновацион усулларда ёндашиш тизимини шакллантириш” мавзусидаги ижтимоий лойиҳани ҳаётга татбиқ этди. Таъкидланишича, лойиҳа доирасида “Жайрон” экомаркази ҳудудидаги Прежевал отлар, жайрон, қулонларни сақлаш учун ўралган 500х500 м2 майдонча таъмирдан чиқарилди. Питомник офисида кутубхона ташкил этилди.

Питомник ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида 3 хил плакат, 5 хил тарқатма материал тайёрланди. Питомникнинг сайтини даврий равишда ишлаш тизими яратилди. “Жайрон” экомарказни тарғиб қилиш бўйича 5 минг нусхадан ортиқ буклетлар чоп этилиб, тарқатилди.

Парламент комиссияси аъзолари мазкур ННТларнинг ижтимоий буюртма доирасида олиб борган фаолиятини ижобий баҳолади. Йиғилиш шу хулоса билан якунланди: тўғри, юқорида қайд этилган ижтимоий лойиҳалар ўз якунига етди, лекин эзгу ишлар, хайрли ташаббуслар учун ниҳоя йўқ.

Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА