28.10.2015 17:30 Ёшларга оид давлат сиёсати

Юртга мададкор бўлиш бахти

Юртга мададкор бўлиш бахти Ёшлар ижод саройида “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳаси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тегишли ташкилотлар вакиллари, лойиҳанинг мамлакат босқичи иштирокчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳаси навқирон авлодни ижтимоий ҳимоялаш, уларда ишбилармонлик, бозор иқтисодиёти шароитида самарали фаолият олиб бориш кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлаётир.

2008 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур лойиҳада 40 мингдан зиёд ёш иштирок этди. 9 мингга яқин ёш тадбиркор 49 миллиард 502 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар олишга муваффақ бўлди.

Жорий йил лойиҳада иштирок этиш учун ўн минг саккиз юзга яқин йигит-қиздан аризалар келиб тушди. 

10c.jpg

Лойиҳа доирасида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Камолот” ёшлар оромгоҳида ўтказилган уч кунлик ўқув-семинарда ёшларга малакали мутахассис-тренерлар, тижорат банклари ва ҳамкор ташкилотларнинг мутахассислари томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид қонунлар, бизнес-режа тузиш ва уни рўёбга чиқаришда банк кредитларидан фойдаланиш каби масалалар юзасидан тушунча ва тавсиялар берилди.

Ўқув давомида ёшларнинг саноат, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, сервис хизмати ва бошқа кўплаб йўналишларга оид бизнес лойиҳалари, ишбилармонлик кўникмалари баҳолаб борилди. Бунда таклиф этилган бизнес-режанинг иқтисодий кўрсаткичи, лойиҳанинг самарадорлиги ҳамда унинг кредит мақсадларига нечоғли мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда ғолиб деб топилган 28 ёш тадбиркорга тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи дипломлар топширилди. Яна беш иштирокчи “Қишлоқда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Энг кўп иш ўрни яратган ёш тадбиркор”, “Ижтимоий тадбиркорликка йўналтирилган лойиҳа”, “Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа” номинациялари бўйича рағбатлантирилди.

– Бундай эътибор бизни юксак мақсадларга ундайди, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Муҳиддин Ражабов. – Танловга кўмир брикети ишлаб чиқаришга мўлжалланган мини-завод очиш бўйича лойиҳамни тақдим этгандим. Ушбу режам муносиб баҳоланиб, ғолиб бўлдим. Энди тижорат банкидан бериладиган имтиёзли кредит ҳисобига мини-завод очиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ниятидаман.

– Бугунги кунда атроф-муҳит барқарорлиги ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир этаётган экологик муаммолардан бири чиқиндилардир, – дейди танлов ғолиби, бухоролик Насим Чориев. – Юртимизда чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Лойиҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш эвазига маиший жиҳозлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Ушбу йўналишда беш йилдан бери фаолият юритиб келмоқдамиз. Олти нафар ишчимиз бор. Тижорат банкларидан оладиган 45 миллион сўмлик имтиёзли кредитни янги технологиялар харид қилишга сарфлаймиз.

– Танловда нон ва нон маҳсулотларини замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳаси билан қатнашдим, – дейди навоийлик ёш тадбиркор Муроджон Ғиёсов. – Лойиҳа маъқулланганидан хурсандман. Унинг амалга оширилиши янги сифат ва турдаги маҳсулотлар тайёрлаш, ўнга яқин тенгдошларимни иш билан доимий таъминлаш имконини беради.

Тадбирда эстрада хонандалари ва ёш ижрочилар иштирокида концерт намойиш этилди.

Дилшод Каримов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА