ЎзА Ўзбек

15.09.2015 16:59 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёт маданият маънавий таназзулга етаклайди

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Фикр, ғоя, ҳаракат” лойиҳаси доирасида Қарши шаҳрида ўтказилган давра суҳбати шундай номланди.

Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, ёшларни турли экстремистик, террористик, миссионерлик оқимлари, “оммавий маданият” ва бошқа ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларда бундай иллатларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Мамлакатимизда навқирон авлоднинг жисмонан соғлом, маънан баркамол вояга етиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда, – дейди “Адолат” социал-демократик партияси Қашқадарё вилояти кенгаши раиси ўринбосари Руйиддин Раупов. – Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида ўтказилган мазкур тадбир ҳам ёшларни миллий менталитетимизга ёт ғоя ва оқимлар, жумладан, “оммавий маданият” таъсиридан асраш, уларни огоҳлик ва ҳушёрликка даъват этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. “Оммавий маданият” ҳали дунёқараши тўла шаклланмаган, мустақил ҳаёт позициясига эга бўлмаган ёшларга таъсир ўтказиши билан айниқса хавфлидир.

Тадбирда “оммавий маданият” маҳсулотлари санъат намунасидан кўра, товар хусусиятига эга бўлиб, инсонни маънавий таназзулга етаклашига алоҳида эътибор қаратилди. Ёшларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА