ЎзА Ўзбек

20.10.2017 15:49 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшларнинг таклиф ва муаммолари ўрганилди

Тошкент вилоятидаги Чирчиқ тиббиёт коллежида ёшларнинг муаммоларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши томонидан Президентимизнинг 2017 йил 12 июль куни видеоселектор йиғилишида сўзлаган “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, ички ишлар органлари ходимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмаси вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Мутахассислар иштирокида таълим муассасаларининг ички назоратга олинган, ҳуқуқбузарликка мойил ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, хусусан, уларни спорт ва фан тўрагакларига, касб-ҳунарга жалб этишнинг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.

– Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга қаратилган “Хизмат – беминнат” лойиҳасини ишлаб чиқдик, – дейди партия вилоят кенгашининг ёшлар масалалари бўйича етакчи мутахассиси Б.Қодиров. – Мазкур лойиҳага кўра фанларни ўзлаштиришда қийналадиган ўқувчилар ва уюшмаган ёшлар турли йўналишларда бепул таълим олади. Жорий йил бошидан буён вилоятимиз ёшларини спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш мақсадида “Спорт – соғлиқ гарови” шиори остида партиянинг барча туман ва шаҳар кенгашлари томонидан турли спорт мусобақалари ўтказилмоқда.

Тадбирда ўқувчиларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар жавоб қайтарди. Ёшларнинг таклиф ва муаммолари муҳокама қилинди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА