ЎзА Ўзбек

19.07.2017 15:47 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтмоқда

Ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтмоқда Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида 18-30 ёшли уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг минифутбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича Чилонзор тумани ҳокими кубоги мусобақалари ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Чилонзор тумани бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақаларга беш юзга яқин уюшмаган ёш жалб этилди.

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, уюшмаган ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни спортга жалб этиш ва бўш вақтини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жойларда ташкил этилаётган турли спорт мусобақалари бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. Мусобақанинг биринчи босқичида тумандаги 51 маҳалланинг уюшмаган ёшлар жамоалари ўзаро баҳслашди. Энг яхши натижа кўрсатган 8 маҳалла жамоаси туман босқичида ғолиблик учун курашадиган бўлди.

Мусобақанинг финал учрашувида Бешчинор маҳалласининг «Бургут» ва Новза маҳалласининг «Бунёдкор» жамоалари майдонга тушди. «Бунёдкор» жамоаси вакиллари рақибларини 7:2 ҳисобида енгиб, кубокни қўлга киритди. Катта Дўмбиробод маҳалласининг «Амир Темур» жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Стол тенниси, шахмат ва шашка спорт турлари бўйича туман босқичи 21 июль куни Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилади.

Нурилло Насриев, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА