ЎзА Ўзбек

17.05.2017 16:10 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтмоқда

Гулистонда Сирдарё вилоятидаги умумтаълим мактаблари ҳамда касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаган ўқувчилар ўртасида мини-футбол бўйича мусобақа ўтказилди.

Вилоят прокуратураси, ички ишлар, жисмоний тарбия ва спорт ишлари бошқармалари ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада 12 жамоа ўзаро баҳслашди.

– Мусобақа вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактик ҳисобда турувчи ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган, – дейди Гулистон шаҳар прокурори, адлия маслаҳатчиси С.Бозоров. – Вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун зарур шароит яратиб берилмаётгани, оила, мактаб, маҳалла, профилактика инспектори томонидан назоратнинг сусайтирилгани оқибатида келиб чиқмоқда. Фарзандларимизнинг юриш-туриши, ўқиши, одоб-ахлоқи, нималар билан машғуллиги-ю ҳар бир хатти-ҳаракатини назорат қилишда оила, ўқув муассасаси, маҳалла, профилактика инспекторининг мустаҳкам ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда ёшларнинг бўш вақтини уларнинг қизиқиши, иқтидори ва имконият даражасидан келиб чиқиб ташкил этиш керак. Шунда бола бўш вақтида ўзи қизиққан машғулот билан шуғулланади. Бу турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Барча рақибларини мағлуб этган Гулистон тумани ёш футболчилари биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Гулистон ва Ширин шаҳарларининг профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаган ўқувчиларидан ташкил топган жамоалар эгаллади.

“Энг яхши дарвозабон”, “Энг яхши ҳимоячи”, “Энг яхши ярим ҳимоячи”, “Энг моҳир ҳужумчи”, “Энг тартибли жамоа”, “Ғалабага бўлган иштиёқи учун” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА