ЎзА Ўзбек

15.11.2017 15:11 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшларни иш билан таъминлашнинг долзарб масалалари: муаммо ва ечимлар

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Жиззах вилояти ҳудудий бўлимида “Ёшларни иш билан таъминлашнинг долзарб масалалари: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Вилоят бандлик бош бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари, иш билан банд бўлмаган ёшлар ва касб-ҳунар коллежи битирувчилари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан қабул қилинган 2017 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги давлат дастурига мувофиқ, вилоятда 32 минг 127 янги иш ўрни яратиш белгиланган. Дастур ижросини таъминлашда иқтисодиётни ислоҳ қилиш, етакчи тармоқларни модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган янги лойиҳалар иш ўринларини кўпайтиришнинг муҳим манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

2017 йилнинг 10 ойида бандликка кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат этган 9 минг 502 фуқародан 8 минг 243 нафарига ишга жойлашишига кўмаклашилди. Иш излаётган фуқаролар учун мақбул бўлган иш ўринлари топиш муддатини қисқартириш мақсадида туман ва шаҳарларда 26 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Уларда иш сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг 1 минг 190 нафарига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 300 га яқин ишсиз фуқаро тикувчилик, тўқувчилик, электрик, бўёқчилик, сувоқчилик, компьютер техникаси оператори ва бошқа шу каби меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга қайта тайёрланди. 70 нафар ишсиз ёшлар “Устоз-шогирд” анъаналари асосида гилам тўқиш, ганчкорлик, тери, дарахт ва темирдан бадиий маҳсулотлар тайёрлаш, миллий қандолатчилик ва ҳунармандликнинг бошқа турлари бўйича ўқитилди.

Тадбирда ёшларни иш билан таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА