ЎзА Ўзбек

30.10.2017 17:57 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшларимиз бугун нималар билан банд?

Пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, улар маънавияти ва эътиқодини мустаҳкамлаш йўлида ғов бўлаётган салбий иллатларни бартараф этиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ёшлар иттифоқи, маҳалла институти мутасаддилари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Давра суҳбатида 2016 йил 15 сентябрда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни мамлакатимизда ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, улар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳмият касб этаётгани таъкидланди.

Юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпини ёшлар ташкил қилади. Ёшлар билан ишлаш бўйича яратилган тизим уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланиб, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, муаммоларини ўрганиш ва орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётир.

Ёшларимиз бугун нималар билан банд? Қандай юксак марраларни эгалламоқда? Уларни қандай муаммолар ўйлантиради? Давра суҳбатида шу каби саволларга жавоб изланди, мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Бугунги глобаллашув даврида ёшларимизни турли ёт ғоялардан асраш, "оила – маҳалла – таълим муассасаси" ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-оналарнинг масъулиятини янада ошириш жуда муҳим эканлиги айтиб ўтилди.

Зеро, бугунги замон ҳар биримиздан ўта ҳушёрликни, масъулият ва ватанпарварликни талаб этмоқда. Фарзандларимизни асраб-авайлаш, уларни юксак маънавиятли, юрт корига ярайдиган авлод этиб тарбиялаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Ўз болангни ўзинг асра, деган даъваткор шиор бугунги кун талаби экани яна бир бор таъкидланди.

Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА