ЎзА Ўзбек

15.07.2014 17:09 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшлар – юрт таянчи

Президентимиз раҳнамолигида соғлом зурриёдни дунёга келтириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёшлар, айниқса, қизларнинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол вояга етиши, замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаши, ўз иқтидор ва қобилиятини тўла рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. 

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ҳамда Президентимизнинг шу йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жамиятимизда хотин-қизларнинг ролини янада ошириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда.

Давлат дастурида ёшлар ўртасида эрта никоҳнинг олдини олиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада Хоразм вилояти Урганч туманида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида махсус дастур ишлаб чиқилди. Унга кўра, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар, ота-оналар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Туманда фаолият кўрсатаётган 11 қишлоқ, 58 маҳалла фуқаролар йиғини, 42 умумтаълим мактаби ҳамда 8 касб-ҳунар коллежида ёшлар ва уларнинг ота-оналари ўртасида эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, оила муқаддаслиги, 12 йиллик таълимнинг бепул ва мажбурийлиги тўғрисида ўтказилган тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Масалан, маҳалла фаоллари аралашуви билан 12 нафар коллеж ўқувчиси эрта турмушга чиқишининг олди олинди. 

Бундай тадбирларда ўсмирлар, айниқса, қизларда шахсий гигиеник қоидаларга риоя қилишни шакллантириш, тиббий маданиятни ошириш, балоғатга етмасдан турмуш қуришнинг олдини олиш, никоҳ ёшидаги қизлар ўртасида оила муқаддаслиги, турли муносабатлар, ҳомиладорликка оид жараёнлар, кийиниш маданияти, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш масалалари бўйича соҳа мутахассислари томонидан батафсил маълумот берилмоқда.

Бугунги кунда умумтаълим мактаби ўқувчиларини таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш ва касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этаётир. Бу борада туманда муайян ишлар амалга оширилиб, маҳаллаларда маҳалла маслаҳатчилари томонидан умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчилари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган битирувчилар ҳисобини юритиш дафтари ташкил этилган. Унда ўқувчиларнинг юриш-туришидан тортиб нималарга қизиқиши, оилавий аҳволи, келажакдаги режалари, хуллас, барча тегишли маълумотлар қайд этиб борилмоқда. 

Жорий йилда тумандаги касб-ҳунар коллежларини битирган 1 минг 909 нафар ўқувчининг 889 нафари қизлардир. Битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш масаласи доимий эътиборда. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшлар учун тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилмоқда.

Хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашда жойларда ўтказилаётган меҳнат ярмаркалари муҳим аҳамият касб этаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида ташкил этилган шундай ярмаркаларда 885 нафар аёл ва 76 коллеж битирувчисига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.

Барчамиз учун энг улуғ ва энг азиз байрам – мустақиллигимизнинг йигирма уч йиллик айёми тобора яқинлашмоқда. Мана шу шукуҳли дамларда ҳар биримиз истиқлолнинг моҳияти ва аҳамиятини, мустақиллик аталмиш улуғ неъматнинг ватандошларимиз ҳаётида тутган ўрни, турмушимизда, онгу тафаккуримизда рўй бераётган оламшумул ўзгаришларни янада теран англаймиз.

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ватанимиз ва халқимиз ҳаётидаги буюк сана – истиқлол байрамининг 23 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорида жойларда, меҳнат жамоалари, ўқув муассасалари, маҳаллаларда “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним” деган эзгу ғояни ифода этадиган ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориш белгиланган. Туманда мазкур қарор асосида дастур ишлаб чиқилди. Унга асосан шу кунларда давра суҳбатлари, учрашувлар ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонни қадрлаш ва унинг манфаатларини таъминлашга қаратилган. Бу эзгу амаллар туманимизда рўй берган улкан ўзгаришлар мисолида ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Илмга чанқоқ, билимдон ва бахтли, қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғулари жўш урган туманимиз ёшлари бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан эркин ва фаровон юртимизнинг янада обод бўлиши ва тараққий этишига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб камолга етмоқда.

Барно Бердиева, 
Урганч тумани ҳокими ўринбосари, 
туман хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ЎзА